Сувалмаган қабр

У ота-онасининг қабрини тозалаб, суваб келмоқчи бўлди. Машинасини ҳайдаб кетаркан, йўл-йўлакай уларни эслашга уринди, эслолмади...

Уни акаси катта қилди, уйлантирди, уйли-жойли қилди. Энди ука бўлиб вақт топиб "жигар"идан хабар олишга ярамайди.
Мана, ота-онаси ёнма-ён ётишибди. Қабр атрофлари тозалангандек туюлди. Ана, нарироқда кичиккина қабр. Жияниники. Акаси қанча куйди, шу миттигина вужудга.
И-я, қабр сувалганми? Акам келибди-да?! Қизини қабрини сувабди-ю, ота-онасиникини унутибди-да.
У олиб келган сомонини ҳам, соз тупроғини ҳам ташлади. Тўғри акасиникига ҳайдади машинасини. Кўримсизгина ҳовлининг эски, ҳеч қачон қулфланмайдиган эшигидан кира солиб бақириб кетди.
-Қизингизнинг қабрини сувабсиз, ота-онамники оғирлик қилдими? Бир оғиз айтсангиз ўзим тузатиб келардим.
У яна нималар деди, у ёғи эсида йўқ. Акаси ортидан «Укам!» деганича қолди. Қабристонга қайтди. Қабрни суваб бўлай деганида таниш гўрков амаки келиб қолди.
- Баракалла, болам, тунов куни акангиз ҳам келган эди. Олиб келган нарсалари иккита қабрга етмагани учун анави кичкинасини суваб қўя қолинг, дегандим. Эртага қолганини битирмоқчи эди, сизни жўнатибди-да, барака топсин, - деди.
У нима дейишини билмай, турган жойида қотиб қолди...

Феруза Салходжаева.