Ибрали воқеа: Ота

Мустафо мерганнинг хотини ўлиб қолди. Юраги бир санчди-ю, хайрлашишга ҳам улгуролмади. Мустафонинг боши қотди...
55 ёш қари десанг, қарияммас, ёш десанг, ёшаммас. Ўғилларини уйлантирган, қизларини чиқарган. Юрди-юрди, охири зерикди, ўттиздан ошиб, қирққа етмаган бир бева чиққанди, болаларининг ҳай-ҳайлашига қарамай, шартта уйланиб олди. Уйланиб тўғри қилган экан, ҳаёти жонланиб кетди. Юзига қон югурди, эгни бут, қорни тўқ, танаси яйради. Кунда-кунора ёш хотин билан етаклашиб бозорга боради, сархил мевалардан олади, келиннинг кўнгли тусаган кўйлакларни олиб беради, қизиқ-қизиқ ҳангомалар айтиб, чақчақлашади, жони борича уриниб, хотинининг кўнглини овлашга тиришади.
Аммо... Катта қизи у йўқлигида келиб, роса жанжал кўтарибди, “Нега онамни кўйлакларини кийдинг?”, деб юмдалабди, ерга ётқизиб урибди, устидаги кийимларини йиртиб ташлабди.
Мустафо аввалига ишонмади. Бу ҳол кўп бор такрорланди. Қизи охири Мустафонинг ўзига рўбарў бўлди:
- Нега онам билан бирор маротаба бозорга етаклашиб бормагансиз? Нега онамнинг узукларини бу мегажин тақиб юрибди? Онамдан қолган сирғаларни нега бу қулоғига осиб, ҳаммага кўз-кўз қилади? Нега бунга ҳар куни битта янги кўйлак олиб берасиз? Уйимиздан кетсин бу... Агар кетмаса ўзим бўғиб ўлдираман!
- Қизим, мен бахтли яшаётганимдан хурсанд эмасмисан? Ҳамманг уй-уйингга кетасан, мен овқатсиз қолиб кетдим. Ҳеч биринг мени ўйламадинг, устим кир, пайпоғим сасиган, ўзим ювдим, ўзим чой қўйдим. Биласан, онангни бир умр бошимда кўтариб юрдим. Лекин тақдир экан, айрилиб қолдим. Бу аёлга эрмакка уйланганим йўқ, ҳали яшашга мажбур эканим учун уйландим. Мени ҳурмат қилсанг, уни ҳурмат қил, мени овунтириб юргани учун унга раҳмат айт, яқинда фарзандли бўламиз. Бу уйни шу ўгай онангга хатлаб бераман. Агар бу хонадондан оёғинг узилишини истамасанг, ўгай онанг билан муросангни тўғрилаб ол. Юзимга оёқ қўймаларинг...
Қиз муросага кўнмади. Мустафо мерган йўқлигида укалари билан келиб, ўгай онани то қорнидаги боласи тушгунча юмалатиб тепди. Мустафо мерган ўн кун шифохона остонасида ётди. Болаларининг қилмиши учун ўн кун қон йиғлади. Соқоллари ўсиб, чўпдай озиб кетди. Болаларининг бирортасига қайрилиб қарамади.
Хотини ҳам ўнгланмади. Яна бир йилга яқин яшади. Рангги сариқ бўлиб, бу ёруғ оламни тарк этди. Мустафо тобут ортидан ялангоёқ, ялангбош, кийимининг тугмалари қадалмаган афтода ҳолатда бўзлаб борди. Биринчи хотини ўлганда жимгина кўз ёш тўккан бўлса, бу хотини ўлганда ўкириб фарёд чекди. Унинг доду-фарёдига бутун қишлоқ аҳли йиғлади. Болалари кийгазган чопонни лойга улоқтирди. Кўкрагига муштлаб, юзини тимдалайверганидан, аъзойи бадани моматалоқ бўлди.
Шундан сўнг Мустафо мерган кўп яшамади. Қабристонга оёқяланг қатнай-қатнай қабр тепасида ўлди. Эрталаб қабрни қучоқлаб, тарашадай қотиб ётган ҳолатда топилди.
Орадан йиллар ўтди. Одамлар бу воқеаларни аллақачон унутиб юборишган бўларди. Аммо бу воқеани бот-бот эсга солиб турадиган нарса шуки, Мустафонинг ўлимидан сўнг кўп ўтмай, катта қизи бир қўл, бир оёғи шол бўлиб, ўн беш йил фалаж ётди. Мустафо айтганидай ўлимни орзу қила-қила Ҳаққа жон омонатини топширди. Худо ҳам унинг жонини ўн беш йил олмади. Қиз ўн беш йил азобда яшади. Икки уканинг ҳам хотини ўлиб, ўн беш йил, ҳеч ким қиз бермади.
Муҳаммад ИСМОИЛ.