Пўлат Солиев ўзбек тарихшунослиги ва шарқшунослигига нечоғли ҳисса қўшган?

Профессор Пўлат Солиевнинг ёзган китоблари, илмий мақолалари ва фактларидан шу нарсани кўриш мумкинки, у ўзбек тарихшунослиги ва шарқшунослигида биринчи бўлиб илмий-услубий методологиянинг текшириш стилистикасини яратиб берган.

 Жадидчи, маърифатпарвар, ўтган аср 30-йилларининг энг кўзга кўринган тарихчиси П.Солиев (1882-1937) Ўрта Осиё халқлари тарихини бой манбалар - қадимий қўлёзмалар ва хорижий асарлар асосида биринчи бор ўрганиб, Х-ХIХ асрлар ҳаёт тарзи ҳақида бағоят илмий фикрлар берди, узоқ тарихга эга бўлган тарихшунослигимиз анъаналарини биринчи бўлиб изчиллик билан давом эттирди. Х асрда яшаб ижод этган қомусий аллома Муҳаммад Норшоҳдан бошланган тарихимизга аниқликлар киритди.

Олим Марказий Осиё тарихшунослигида биринчи бўлиб «Шажараи турк», «Шажараи тарокима», «Баҳр ул-асрор фи маноқиб ул-аҳёр», «Тузуки Темурий», «Шайбонийнома», «Бобурнома», «Бухоро, Хива, Русия муносабат тарихияси», «Жўғрофия жамияти запискаси», «Мужамул булдон» сингари обидалар, қўлёзмалар ва ҳужжатларни араб, форс, ўрис ва бошқа тилларда ўқиб, улардан чиқарган пухта илмий хулосалар асосида «Ўзбек тарихидан» рукнида «Ўзбеклар ҳам Темур болалари», «ХIV-ХVIII асрларда иқтисодий ва тужжорий муносабатлар», «ХVIII-ХIХ асрларда савдо-иқтисодий муносабатлар»  каби илмий мақолалар ёзди.

1920 йилда тўплаган илмий материаллари негизида «Манғитлар салтанати  даврида  Бухоро ўлкаси» ва «Англиянинг зулми остида Ҳиндистон», 1923 йилда «Бухоро тарихи», 1926 йилда «Ўзбекистон ҳам Тожикистон» сингари қатор монографияларини чоп эттирди.

Буларда Марказий Осиё тарихи, Ҳиндистон халқларининг тарихи, истибдод остидаги ҳаёт тарзи, маданияти, иқтисодиёти муаммоларини пухта илмий хулосалар билан ёритиб берди. Атоқли олимнинг энг катта ва муҳим хизматларидан яна бири, республикада биринчи бўлиб СамДУ, Педакадемия қошида «Ўрта Осиё тарихи» кафедрасини ташкил этиб, унинг атрофига таниқли рус шарқшунос ва тарихчиларини жалб этди. Булар сирасида А.Красноусов, С.Лясковский, С.Южков, А.Козирев, М.Феноменов, А.Макеев сингари профессорлар бор эди. Ана шу олимлар кафедра атрофида уюшганлиги учун ҳам мазкур кафедра Педакадемия бағрида ўз тармоғини ташкил этган эди.

Олим бу илм аҳллари билан республиканинг жуда кўплаб ҳудудларида илмий экспедицияларда бўлиб, ўзи бошчилик қилган.

Пўлат Солиев Ҳиндистон тарихида биринчи бўлиб, ҳинд олимлари амалга оширмаган тадқиқотни яратди: у ўша онларда Ҳиндистонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳодисаларни аниқ, лўнда хулосаланган ва таҳлил этган ҳолда, бу ерда ҳукм сураётган инглизлар истибдодининг ижтимоий илдизларини фактлар асосида исботлаб бердики, бу нарса ҳинд олимлари томонидан идеаллаштирилиб кўрсатилган ҳинд-инглиз муносабатларининг ёлғон, пуч ва мутеликка муҳр этилган қарашлар эканлигига бир зарба бўлган эди. Агар айтиш жоиз бўлса, ўзбек олимининг бундай илмий пухта ва мантиқан тўғри таҳлил этиб битилган рисоласини Ҳиндистоннинг атоқли давлат арбоби Жавоҳарлал Неру ўқиганлиги ва муаллифнинг фикрига тан бериб, қойил қолганлигини айтгани бор ҳақиқатдир.

 Неру 1954 йилда Тошкентга қилган дўстлик сафарида бу ҳақда айтган гапларини олимнинг қизи аниқ ва лўнда шундай изоҳлаб беради: «Пўлат Солиев деган профессорларинг бўлгувчи эди, ҳозир у қаерда? - деб ҳазил мутойиба аралаш сўрайди Ўзбекистон компартияси биринчи котибидан ва сўзида давом этади. - Ҳиндистон тарихига шу олим янги чизгилар берган эди деб айтганлари қулоғим тагида ҳозир ҳам жаранглаб туради», - дейди Фаридахоним афсусланган оҳангда.

Ҳа, бу бор ҳақиқат. Шўро ҳукумати ана шундай буюкларнинг ёстиғини қуритган эди. Шўро даврида Нерудек алломанинг бундай истеҳзоли саволи эсли-ҳушли одам учун ўлимдан ҳам қаттиқ эди.

Профессорнинг олий ўқув юртларида ўқиган ҳар бир маърузасида тарихий ҳақиқат, янгилик барқ уриб турарди.  Шу сабабли П.Солиевда бўлган табиий илмий исён, янгича қараш унинг «дўстлари»га қўл келарди, уни тегишли ташкилотларга сотардилар.

«30-йиллларнинг бошлари бўлса керак, - деб гувоҳлик беради Абдулла Суюмов биз билан бўлиб ўтган суҳбатида, - Педакадемия жамоаси орасида «Ўрта Осиё тарихи ҳақида мулоҳазалар» номида маъруза  қилди. Маъруза ўта мазмунли, мунозараларга бой бўлиб ўтди. Маърузанинг таҳлилига бағишланган йиғиндада сиёсий ташкилотларга айғоқчилик қилиб юрган домланинг дўстларидан иккитаси унга нисбатан қитмирлик қилиб, «Солиев ўз лекцияларида доимо аксилинқилобчилар фаолиятларига суяниб иш тутади. Бу сафар ҳам шундай қилди: у татар аксилинқилобчиси Фотиҳ Каримов таржимасидаги Г.Вамберининг «Мовароуннаҳр тарихи» китобига асосланиб маъруза қилган», деб айблашади. Танқидчилар фикрига кўра, Вамберининг китобида Ўрта Осиё подшоларининг шахсий ҳаёти ва фаолияти ҳақида гап бориб, кенг халқ оммасининг турмуш тарзи яхши ёритилмаган, шу сабабдан талабалар унинг лекцияларида Ўрта Осиё тарихи ҳақида нотўғри хулосалар чиқарар экан. Бундай туҳматлар кундан кунга ортиб борди.

Пўлат Солиевнинг ўзбек тарихшунослиги, шарқшунослигидаги ва филология соҳасидаги хизматлари, мактабшунослик ҳамда журналистика бобидаги илмий ва амалий хизматлари учун 1926 йилда унга Ленинград Шарқшунослик институти томонидан «профессор» унвони берилган эди. Бу ўша даврда ўзбек фани ва маданиятига берилган улкан баҳо эди.

1929 йил май ойида Самарқанд шаҳрида Педагогика академиясида ўлкани ўрганишга бағишланган илмий кенгашга чақирилди. Бунга профессор ўз маърузаси билан қатнашди.

Тарихчи В.Германовнинг таъкидлашича, маърузада қуйидаги мулоҳазалар баён этилган эди: «Туркистонни Хитой, Шарқий Туркистонни Мўғулистон билан бирлаштирувчи савдо йўлларидан бири Еттиариқ савдо йўлидир. Бу йўл бўйлаб фақат Туркистоннигина эмас, балки Ғарбий Оврўпо, Ўрта Ер денгизи қирғоқларидаги ҳам ўзларининг карвонлари, ҳам ўзларининг савдо-сотиқ амалларини бажаришган.

Бу йўлда қадимги даврлардаёқ шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлган. Биз бунда, энг аввало, Чимкент, Сайрам, Марка, Талас, Авлиё ота шаҳарларини ва Суткент, Қадр, Манкент, Тулкибоши, Қорабулоқ ҳамда бошқа қишлоқларни тилга олиб ўтишимиз мумкин.

Бу шаҳар ва қишлоқлар бизда эрамиздан олдинги V асрдан буён мавжуддир. Ана шу жойлар элатшунослик, археологик, тарихий ва тил муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларига жуда бой манба бўлиб хизмат қилади.

Албатта, Ўрта Осиё тарихи бўйича хону беклар, бойлар, эшон-муллалар қолдирган ҳужжатлар, ёрлиқлар, китоблар ўзбек халқининг қадимий тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Аммо шу билан биргаликда юқорида номлари тилга олиб ўтилган шаҳар ва қишлоқларда ҳамда ўлкамизнинг бошқа жойларида қадим-қадим замонлардан бошлаб ҳунармандчилик, косибчилик, санъат, маданият, ишлаб чиқаришнинг хилма-хил турлари кенг ривожланган.

Буни ўрганиш эса ўрта асрлар иқтисодиёти ҳақида қимматли маълумотлар беради» («Турон тарихи» оммабоп мажмуа. 3-сон. Тошкент. 1994 й. 24-бет).

Профессорнинг ҳар бир чиқиши, маърузаси ва рисоласида кўтарилган ечимини кутаётган тарихий муаммолар илмий жиҳатдан ниҳоятда асосланар эди. Бу илмий тарихий ҳақиқатлар унинг «Маориф ва ўқитувчи» журналининг 1927 йил 6-сонида босилган «Ўрта Осиё тарихи тўғрисида», шу журналнинг 1928 йил 6-7 ва 8-9-қўшма сонларида эълон қилинган   «Ўзбек тарихидан», «Хоразм тўғрисида бир мулоҳаза» сингари кўплаб мақолалари ҳамда «Англиянинг зулми остида Ҳиндистон» (1920 й.), «Бухоро тарихи» (1923 й), «Манғитлар салтанати даврида Бухоро ўлкаси» (1925), «Ўзбекистон ҳам Тожикистон» (1926 й.), «Ўрта Осиёда савдо капитали даври» (1926 й.), «Ўрта Осиёда ислом динининг тарқалиши» (1928 й.), «Ўзбекистон тарихи» (ХV-ХIХ асрлар.1929 й.) каби рисолаларида илмий жиҳатдан пухта очиб берилди.

Олимнинг ўзбек тарихшунослиги ва шарқшунослигида тутган ўрни ана шу билан белгиланадики, у тадқиқ қилмоқчи бўлган ҳар бир мавзу мазмунан бир катта ишга тўғри келарди. Унинг айтган илмий мулоҳаза ва фикрлари силсиласида Ўзбекистон халқлари тарихининг янги бир саҳифаси, муаммоси ечиб бериларди.

Унинг машҳур «Ўзбек тарихидан» номли туркум мақолаларида тадқиқ этилган муаммолардан бири шундан иборатки, уларда ўзбеклар ва Темур ворислари ўртасидаги муроса-ю можаролар ҳақида гап кетади.  

Бобокалонимизни Амир Темур ворислари яхши билган ўзбек ўқувчисига ўзбек тушунчасини биринчи бор шарҳлаб беради.

Собиқ совет давлатининг дастлабки йилларигача ўзбек тушунчаси остида Дашти Қипчоқда яшаб, Шайбонийхон бошлиқ Бобур замонида бугунги  Ўзбекистон ҳудудига кириб келган кўчманчи ўзбеклар тушунилар эди. Ўша кезларда Мовароуннаҳр аҳолиси асосан икки ном билан, яъни сартлар (ўрта асрларда форс тилида сўзлаб, кейинчалик туркийлашиб кетган турғун аҳоли) ва турклар (бунга туркийлар ва барча туркий қавмлар кирган) деб аталарди. ХVI аср бошларидан бошлаб бу заминга юқорида зикр этилганидек, Дашти Қипчоқдан кўчманчи ўзбек уруғлари кириб келди. Аммо улар тил жиҳатидан ерли турклар билан бир бўлиб, туркий тилнинг турли лаҳжаларида сўзлашардилар.

1924 йилдан Ўрта Осиё миллий давлат чегараланишидан сўнг Ўзбекистон ҳудудида яшовчи уч тоифа (сарт, турк ва ўзбек аҳоли) ўзбек номи билан юритиладиган бўлди.

Профессор ана шундай чигал муаммога илмий аниқлик киритиб, мақолада кўчманчи ўзбеклар ҳақида фикр юритган. 

Шунинг учун ҳам ушбу мақолалар туркуми тарих илмида ўта қимматлидир. Ҳозирги кунда бу илмий исботлар Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда ўта муҳим талқинлар ва таҳлиллар бериши мумкин.

Фаррух Темиров.