Навбаҳор Имомова “Zarnews.uz”да

Халқаро журналист Навбаҳор Имомованинг “Зарафшон” газетаси ва Zarnews.uz сайти таҳририятига келиши, мухбирлар билан мулоқоти ўзгача тажриба майдонига айланди. Йўқ, бу ерда биз ҳамма танийдиган журналист билан лавҳа тайёрламадик, мақола ёзмадик, фақат суҳбат қурдик.

Авваламбор, Навбаҳор Имомова таҳририятдаги шароитлар билан танишди, ходимлар фикрлари билан қизиқди. Табиийки, журналистга яратилган шароит унинг яхшироқ ишлаши учун бир имкон, хусусан, таҳририятдаги кутубхона, музей, спорт зали, ошхона айнан ана шундай шароитлардандир. Айниқса, бу ерда ташкил этилган босма нашрлар музейи меҳмонда яхши таассурот қолдирди.

Имкониятлар кўздан кечирилгач, ўзаро суҳбатга киришилди: ахир мухбир учун халқаро майдонда қалам сурган журналист билан фикр алмашишдан кўра самаралироқ маҳорат дарси борми?

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев таҳририятдаги ижодий муҳит, газетадаги мақолалар тайёрланиши, сайт фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

- Бугун журналистика жуда жиддий муаммолар қаршисида қолаётгани сир эмас, - деди Навбаҳор Имомова. – Қайси давлатда бу борадаги аҳвол билан қизиқманг, газеталар ёпилаётгани, телевидение кўрилиши тобора пасайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Барча хабарлар ижтимоий тармоқларга кўчди ва одамларда информация тушунчаси тобора мавҳумлик касб этмоқда. Сифатли информация, яъни одамларга қизиқ бўлган ахборот бериш эмас, одамларга керак бўлган янгиликларни узатиш бу бошқа-бошқа нарса. Биринчиси, яъни ўз ахборот маконларида аудиториянинг қизиқиши билан ҳисоблашадиган воқеликлар билан обуначиларини кўпайтириб бораётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Бозор шароитида улар бунга мажбур. Аммо одамларга зарур информацияни сифатли тарзда узатадиган профессионал журналистканинг тақдири нима бўлади, деган савол пайдо бўлади. Ва бу савол бугун бутун дунёда очиқ қолаётир. Тўғри, бугунги кунда асосий ечим сифатида давлатнинг бу соҳага маблағ ажратилиши сифатида кўрилади. Лекин ҳамма давлатларда ҳам шундай ечим қўлланилаётгани йўқ. Яна бир томони, бу меҳнатни одамлар кўриши, ўқиши керак. Демак, ижтимоий тармоқлардан кўзини узмаётган аҳоли учун бу масканда ҳам контентлар яратиш, изланиш, муҳими, профессионалликдан узоқлашмаслик керак.

Тўғри, бугун Американинг энг машҳур газеталарида ҳам журналистиканинг асосий, ўзгармас қоидаларига амал қилинади ва одамлар бу сифатли информация учун пул тўлашади. Лекин кўплаб майда нашрлар ёпилиб кетаяпти. Машҳур телеканаллардаги энг оммавий чиқишларнинг кўрилиши ҳатто бир миллионга ҳам етмаяпти. 

Газета ўқиш, профессионал журналистикани сақлаб қолишда бугун Ўзбекистонда ҳам ҳар бир вилоят ё нашр ўз ҳолича эмас, биргалашиб ҳаракат қилиши, умумий бир ечимларга келиши айни муддао.

Суҳбат дунёда юз бераётган воқеликлар, уларни ёритишда халқаро журналистларнинг тажрибаси ва бошқа кўплаб, соҳага тегишли мавзулар билан давом этди.

Гулруҳ Мўминова.