Хўжа Исмоилми ёки Имом Ал-Бухорий?

Пайариқ туманидаги дунё тан олган муҳаддис Муҳаммад Абдулла ибн Исмоил ал-Бухорий абадий қўним топган Хартанг қишлоғида аллома шаънига катта мажмуа бунёд бўляпти.

Ушбу тарихий ишни Ватанимизнинг ўзининг улуғ фарзандларини қадрлаш йўлида қилаётган фидойилик фаолияти, деб биламиз.

Хабарларга кўра, мазкур мажмуа яқин муддатларда фойдаланишга топширилади ва чет эллик меҳмонлар ҳамда ички сайёҳ-зиёратчиларни қабул қила бошлайди.
Шу ўринда бир холис фикр билдирмоқчиман. Ўтмишда ҳали аллома Имом ал-Бухорий ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш имконияти бўлмаган даврда буюк муҳаддис дафн этилган бу жой ҳамма томонидан «Хўжа Исмоил», деб атаб келиниб, бинолари минерал ўғитлар сақланадиган омборга айлантирилган эди.

Балки шу боис мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида маҳаллалар фуқаролар йиғинлари ташкил этилган пайтлари англашилмовчилик натижасида бу ҳудудга «Хўжа Исмоил» маҳалла фуқаролар йиғини», деган ном берилиб қолган. Аслида Исмоил буюк муҳаддиснинг отаси ҳисобланади.

Имом ал-Бухорий мажмуаси очилиши муносабати билан маҳалла фуқаролар йиғини номи ҳам унинг шарафига қайта номланса, ҳудуднинг номи, исми–жисмига мос бўлар эди.

Йўлдош Суюнов.