Нега аксарият пиёдалар йўлагида пиёдага жой қолмаяпти?
Кўпни кўрган одам таққослайди, таққослаган инсон эса хулоса чиқаради. Мен ҳам хорижда таҳсил олган йилларимда кўрган бир манзарани бугун юртимиздаги ҳолат билан таққослаб, ўйга толдим.
Беларуснинг Новополоцк шаҳрида ўқиган кезларимда дугонамиз - туркман қиз бизга шаҳарни айлантириб, унинг тартиб-қоидалари билан таништирган эди. Истироҳат боғидан чиқиб пиёда сайр қилаётганимизда у: «Тезроқ пиёдалар йўлагига ўтинглар, акс ҳолда жарима солиниши мумкин», деди. Бу гап биз учун ҳайратли эшитилди. Пиёдалар йўлагига ўтгач, яна бир жиҳат эътиборимизни тортди.

Пиёдалар ва велосипедлар учун алоҳида йўлаклар ажратилган, ҳар ким фақат ўз йўлагидан ҳаракатланар эди. Энг қизиғи, атрофда бирорта ҳам велосипед бўлмаса-да, ҳеч ким велосипед йўлагига чиқмасди. Новополоцкдаги пиёдалар йўлаклари кенг, озода ва эркин ҳаракатланиш учун жуда қулай. Йўлакларда ортиқча тўсиқлар, тартибсиз савдо нуқталари ёки автомобиллар кўринмайди. Пиёдалар бемалол сайр қилади, ёш болали оналар аравачада эркин ҳаракатланади, кексалар эса хавотирсиз юради. Қонунга ҳурмат ва ҳаракат маданияти одамларнинг кундалик одатига айланган эди. Орадан кўп ўтмай, биз ҳам бу тартибга ўргандик. Ҳатто дугоналаримиз билан юрганимизда кимдир билмасдан велосипед йўлагига чиқиб кетса, дарҳол бир-биримизни огоҳлантирардик. Чунки шаҳар маданияти айнан шундай оддий қоидалардан бошланади.

Юртимизга қайтиб, кўчаларда пиёда юра бошлаганимда эса бошқа манзарага гувоҳ бўлдим. Бугун айрим шаҳарларимизда пиёдалар йўлаги фақат пиёдалар учун эмас. У ерда нимани истасангиз, шуни учратишингиз мумкин. Кўчаларида пиёдалар йўлаклари турли сабабларга кўра ўз вазифасини йўқотиб бораётгандек: автомобиллар тўхтаб турган жойга айланган, кўчма савдо дўконлари жойлашган, музқаймоқ, салқин ичимлик, қаҳва ва тез тайёрланадиган таомлар сотилмоқда. Айрим жойларда стол-стуллар қўйилиб, йўлакнинг ўзи кичик ошхонага айлантирилган.
Бу ҳам етмагандек, электр самокатлар ва етказиб бериш хизматида фойдаланилаётган мотоцикллар ҳам пиёдалар йўлагида ҳаракатланмоқда. Айниқса, самокатлар катта тезликда келади. Пиёда эса орқасидан ким келаётганини билмай, ҳар қадамда ҳушёр юришга мажбур. Ёш болали оналар, кексалар ва ногиронлиги бор инсонлар учун эса бу янада катта ноқулайлик туғдиради.
Натижада пиёдалар йўлагида пиёдадан ташқари барча ҳаракат иштирокчиларини учратиш мумкин: велосипедчилар, самокат минувчилар, мотоцикллар, кўчма савдо нуқталари, автомобиллар... Бундай шароитда ҳатто пиёдалар йўлагида ҳам тирбандлик юзага келиши ҳеч гап эмас ва хавфли вазиятни келтириб чиқаради.
Албатта, шаҳарларимизда ободонлаштириш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Янги йўллар, хиёбонлар ва сайилгоҳлар барпо этиляпти. Энди улардан фойдаланиш маданиятини ҳам замон талаблари асосида такомиллаштириш вақти келмадимикан?
Менимча, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун бир қатор амалий чораларни кўриш лозим. Велосипедлар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, электр самокат ва мотоцикллар ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар йўлагига автомобилларни қўйишга йўл қўймаслик, кўчма савдо нуқталарини махсус белгиланган ҳудудларга жойлаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири. Аввало, пиёдалар йўлаги ҳақиқатан ҳам пиёдалар учун қолиши лозим. Велосипедлар учун алоҳида йўлак, электр самокат ва мотоцикллар учун эса хавфсиз ҳаракатланиш имконини берувчи махсус йўналишлар ташкил этилса, ҳаракат анча тартибли бўлар эди. Шунингдек, автомобиллар тўхташи ва кўчма савдо объектлари учун ҳам алоҳида жойлар белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Пиёдалар йўлаги шунчаки бетон ёки асфальт йўлак эмас. У инсон хавфсизлиги, шаҳар маданияти ва тартиб-интизомнинг кўзгусидир. Шаҳар маданиятини баланд бинолар ёки кенг кўчалар эмас, балки инсонга бўлган эътибор белгилайди. Пиёда ўзини хавфсиз ҳис қилган жойдагина ҳақиқий қулай ва замонавий шаҳар муҳити шаклланади. Пиёдалар йўлаги, аввало, пиёдаларники бўлиши керак.
Муниса Шамсиева.