Пиёдалар йўлаги "парковка"ми?

Кейинги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида алоҳида пиёдалар йўлаги ва велойўлаклар қурилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси пиёдаларга қулайлик яратиш, аҳолини йўлларда бехатар юришлари учун қилинган.

Бироқ пиёдалар йўлаклари атрофидаги манзаралар киши дилини хира қилади. Айрим ҳайдовчилар пиёдалар йўлагини "парковка" - автоуловларнинг тўхташ жойига айлантириб олишган. Оқибатда пиёдалар транспорт ҳаракатланаётган йўлдан юришга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, жамоат мулкига нисбатан беписандлиги сабаб, қурилаётган пиёдалар йўлакларининг ҳолати ва сифати ўз муддатидан анча олдин бузилиб бормоқда.

Пиёдалар учун қурилган бу каби йўлакларни автомашиналар банд қилганлигини қандай тушуниш мумкин?

Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ва мактаб йўл ёқаларида автоуловларни қўйишганда кўчагача чиқиб кетаётгани табиий ҳолат. Бу эса узундан-узун тирбандликларга сабаб бўлаётгани билан бирга ўқувчиларни таълим муассасаларига кириб-чиқишида бир қанча қийинчилик ва ноқулайликлар туғдиради. Ҳатто айрим ҳайдовчиларнинг машинасини пиёдалар йўлагига қўйиб, ўз юмуши билан соатлаб кетганига гувоҳи бўлганмиз. Белгиланмаган жойларга ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини қўйиши ортидан қанчадан-қанча муаммолар юзага келмоқда. Масалан, тез тиббий ёрдам машиналари тирбандликларда қолиб, белгиланган муддатда манзилга етиб бора олмаяпти. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ким, қайси ташкилот эътибор қаратади?

Ҳусан ОЛИМОВ.