Йўлаклар кимники? Нега уни ҳовлига қўшиб олишяпти
Шаҳар кўчаларидан биридаги қуйидаги воқеа кўз ўнгимда содир бўлганди. Машина тормозининг чийиллаши барчанинг эътиборини тортди. Мактаб ўқувчисини туртиб юборган машина атрофида бирпасда одамлар тўпланди. Ҳайдовчи пешонасидан оқаётган қони асфальтни қизартираётган болага қараб, “Мен ўз йўлимда келаётувдим, бирдан ўзи йўлимга чиқиб қолди, болани урганим йўқ, етмасдан тормозладим” дерди.
Бирпасда тўпланган тумонат одамлар орасидан болани касалхонага олиб кетишди. Воқеа жойида тўпланиб қолганлар ўртасида муҳокама бошланиб кетди. Кимдир ҳайдовчини тез келганликда айбласа, бошқа биров болани тушлик пайти мактабда кўп қолиб кетиб ҳолсизланганлигидан катта йўлга чиқиб кетганлигини айтишарди. Лекин ҳеч ким бу бола нега йўлакда эмас машиналар учун мўлжалланган катта йўлда юрибди, деб қизиқмади. Чунки кимнингдир дўконига ёки бошқа биносига қўшиб олиниб, атрофи тўсиқлар билан ўралганлиги учун йўловчилар йўлаги «йўқолиб қолган».
Аслини олганда бу ҳолатда ҳайдовчини ҳам йўловчини ҳам айблаб бўлмайди. Ҳайдовчи ўз йўлидан, пиёда эса мажбурлигидан асосий йўлдан юрган.
Шунга ўхшаш йўлаксиз йўллар ва ёки қайсидир фуқаронинг шахсий эҳтиёжи учун кавлаб ташланган кўчалар шаҳарнинг қайси қисмида йўқ дейсиз? Шаҳардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хонадонлар олдида йўл ва йўлакларни тўсиб қўйган қурилиш хом ашёларини кўрамиз. Ҳар ким ўзи хоҳлаган жойга истаган қурилиш молларини туширган, йўл тўсилгани билан эса уларнинг сариқ чақалик иши йўқ. Булар бир неча ойлаб жойида қолиб кетса ҳамки, биров келиб бир сўз айтмайди. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, баъзи ҳолларда йўллар эгасиз қолаётгандек.
Туманлардаги аҳвол ҳам бундан мустасно эмас. Бир пайтлар машиналар ва пиёдалар учун алоҳида бўлган йўлаклардан бугун асар ҳам қолмаган. Давлат меъёрлари бўйича икки тарафидан 1,5-2 метргача йўлаклар ажратилган йўллар бугун иккита машина бирдай келса, биттаси тўхтаб турадиган даражага келиб қолган. Ўн метр кенгликдаги йўлларнинг бундай ҳолга келиб қолишига сабаб, йўлга бўлган эътиборсизлик эмасми?
Шу мавзуда мақола ёзишни ўйлаб юрган кунларимда Тошкент шаҳрида бўладиган тадбирга боришимга тўғри келди. Табиийки, вилоятдан борган ҳайдовчи бегона шаҳарни яхши билмайди, шунинг учун машинани катта йўлга халақит қилмайдиган қилиб йўловчилар йўлагига қўйди. Тадбир бошлангунча барчамиз тўпланиб турганимизда бир отахон келиб “Бу ер пиёдалар йўлаги, машинани қўйиш учун махсус автотўхташ жойи қилинган. Машиналарингни ўша жойга қўйинглар, кейин йўлакни ифлос қилманглар, бу йўл жамоаники”, дея танбеҳ берди. Отахоннинг гапларидан ийманиб, машинани махсус автотураргоҳга қўйиб келдик. Шаҳримизда йўл ва йўлаклар эътиборсиз қолдирилаётган бир пайтда бизни бироз уялтирган бўлса-да, пойтахтдагиларнинг жамоат мулкига нисбатан ўзиникидек муносабатда бўлиши ҳавасимизни келтирди.
Бу мавзуни бежизга қаламга олмадик. Эътибор берган бўлсангиз, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари шовқин-сурон ва машиналарнинг чиқараётган тутундан холи бўлган пиёдалар йўлаклари, ҳаттоки, велосипедлар учун махсус йўлаклар қуришяпти. Бу ишлар биринчидан, экологияга зарар етказмайдиган транспорт турини кўпайтириш учун бўлса, иккинчидан, инсонларни касалликларга чалиниш ва турли кўнгилсизликлардан асраш учундир. Келажакда машиналар сони тобора ортишини ҳисобга олсак, йўлларни кенгайтиришимиз учун юқоридаги каби кўнгилсизликлар бўлиши керакми ёки бир неча йилдан сўнг уйларни бузиб йўлаклар очамизми?
Ўктам Худойбердиев.