АҚШ “ташвишли” мамлакат фуқароларининг грин-карталарини қайта текширади, учинчи мамлакатлар миграцияси тўхташи мумкин

Мамлакат фуқаролик ва иммиграция хизмати раҳбари Жозеф Эдлоунинг маълум қилишича, президент Дональд Трамп унга “ташвиш уйғотувчи мамлакатлардан бўлган чет элликларнинг ҳар бир грин-картасини тўлиқ ва батафсил қайта текшириш” топшириғини берган.

Хизмат маълумотига кўра, сўнгги рўйхат Трампнинг июнь ойидаги фармонига биноан мамлакатлар миллий хавфсизлик ва терроризмга оид хавф даражасига қараб бир нечта тоифага бўлинган. Энг хавфли тоифада Афғонистон, Гаити, Эрон, Ливия, Яман каби 12 давлат бор. Кейинги (қисман чекланиш билан) тоифага яна 7 давлат, жумладан, Того, Туркманистон ва Венесуэла киритилган. Ўзбекистон,  Россия ва Беларусь бу рўйхатларга кирмаган.

Президент Трамп ўз баёнотида “АҚШ тизими тўлиқ тикланиши учун учинчи дунё мамлакатларининг барчасидан миграцияни абадий тўхтатиш” ниятини билдирган. Шунингдек, у “мамлакатга аниқ фойда келтирмайдиганларни” чиқариб юборишини айтди.

“Тўлиқ тақиқ”ли 12 мамлакатдагилар АҚШга миграция, виза ёки саёҳат учун ўз вақтида киришлари таъқиқланган. Қисман чекловлар қолган 7 мамлакатдан бўлганлар учун жорий қилинган.