АҚШ. Нью-Йорк. Филадельфия. “Миллат Шавкати”
Таниқли давлат арбоби, сиёсатшунос, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовнинг Ўзбекистонда чоп этилган китобининг АҚШда ўтказилган тақдимоти фақатгина китобни таништиришдан иборат бўлмади. Тақдимот ўзига хос дипломатия, Америкадаги ўзбекистонликлар билан дийдор, уларнинг бу юртда эришаётганлари, ўз навбатида Ватан учун қўшаётган ҳиссасини таъкидлаш, тақдирлаш маросими бўлди.
Филадельфиядаги “Самарқанд” марказида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консули Жамил Шарапов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Абдусаид Кўчимов, Ҳусан Эрматов ва бошқа жамоат ташкилоти вакиллари, Америкада истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар иштирок этди.
Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир кунини тарихда қоладиган кун сифатида эътироф этиш мумкин, - деди учрашувда сўзга чиққан А.Кўчимов. – Сизнинг, бизнинг аждодларимиз яшаган ва бугун биз яшаган, фарзандларимиз яшайдиган заминда биз узоқ йиллар давомида ўзлигимиздан маҳкумликда яшадик. Мен ҳам халқимиз қаторида узоқ ва яқин тарихимиздаги яхши ва ёмон кунларни бошимиздан ўтказдик. Яхши биласиз, бугун Марказий Осиё давлатлари бир мушт, муштарак яхши ниятлар билан илгари қадам ташламоқда, бу қадамларнинг муштараклигида, шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўрни ниҳоятда катта. Ҳали бу масалада амалга ошириладиган маданий, ижтимоий ишларимиз жуда кўп. Биз ҳатто умумий бўлган тарихимизни ҳам алоҳида ўрганишга киришдик ва ҳар биримиз ўзимизни ҳақ ҳисобладик. Ваҳоланки, биз бир илдиздан сув ичганмиз, наинки тарихимиз, қадриятлар, яшаш тарзимиз ҳам муштарак. “Миллат Шавкати” китобида нафақат Ўзбекистон, балки у билан боғлиқ барча сиёсий, ижтимоий, тарихий жараёнлар мужассам бўлган.
Бундан 3-4 йил аввал Қудратилла Рафиқовнинг инглиз тилидаги “Янги Ўзбекистон. Шавкат Мирзиёев йўли” номли китобининг тақдимот маросимини АҚШ Конгрессида ва БМТда ўтказган эдик, - деди Ҳусан Эрматов ўз сўзида. - АҚШ конгрессменлари иштирокида ўтказилган шу тақдимотда Америкадаги кўплаб соҳа вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган йирик ўзгаришларни юқори баҳолаган эди. Мана, бугун сиз, ватандошлар билан Филадельфияда учрашиб турибмиз ва кўзларингиздан ҳам кўнглингиздан кечаётганларни сезиб турибмиз. Тўғриси, агар 10-15 йил аввал ҳузурингизга келганимизда сиз, азизлар билан қандай суҳбат бўлади, буни тасаввур ҳам қилолмайман. Лекин бугун бир-биримизга айтадиган гапларимиз жуда кўп. Илгари хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг асосий мақсади уй-жой, машина олишдан нарига ўтмасди, бугун умуман бошқа манзарага гувоҳ бўлмоқдамиз. Илм билан шуғулланаётган, йирик корхоналарни бошқараётган ватандошларимиз сони кўпаяётганидан фахр туяяпмиз.
Анжуман давомида Америкада узоқ йиллардан бери истиқомат қилиб, бу ерда турли жамиятлар орқали ўз юртдошларига кўмак бераётган жамоат фаоллари ҳам сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдирди. Бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ўзбекистонлик меҳмонлар томонидан эътироф этилди.
Гулноза Азизова,
Филадельфиядан махсус Zarnews.uz учун.