“Сиҳат тиласанг, кам е...”
Узоқ йиллик дўстим, вилоят Кенгаши депутати Ўктам Саидмуродов ҳар йили шу пайтда Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд маҳалласидаги анжирзорга, аниқроғи, Шароф бобонинг боғига синфдошлари ва сафдошларини чорлайди.
Бу галги даврада журналистлар, ошпазлар, диетолог ва тадбиркорлар жам бўлдик.
“Зарафшон”да Ўктам Саидмуродовнинг ўз ўрни бор: газетамизни мунтазам ўқийди, таклифлар айтади, мақолалар ёзиб туради. Бу гал суҳбат мавзусини ҳам ўзи белгилади. Гап оқилона овқатланиш, соғлом турмуш ва узоқ умр кўриш сирлари ҳақида борди.
- Дунёни англаш, аввало, ўзини англашдан бошланади, - сўз бошлади Ўктам Саидмуродов. - Ўзини англаш эса оқилона овқатланишдан бошланар экан. Масалан, бобом, отам нонушта пайтида тухум билан сутни бирга емаслик зарурлигини айтардилар. Меваларни овқатдан олдин, алоҳида таом сифатида тановул қилардик. Бугун эса уларни ҳазми таом сифатида беришяпти.
Гўштли овқат ҳафтада бир марта пишириларди. Мошхўрда, қайиш каби таомлар бўларди. Кам ейиш, меъёрни билиш - саломатликнинг муҳим шартларидан бири эканини катталаримиз яхши билган. Яҳудий бир танишим айтишича, улар Ибн Сино бобомизнинг “Тиб қонунлари” китобидан одам мижози, таомларнинг иссиқ-совуқлиги тўғрисидаги тавсияларни ўзларига мослаб, соддалаштириб чиқариб олишган ва ҳар бир оилада бу китоб бор экан.
Суҳбатга кўп йиллик тажрибага эга уста ошпаз Равшан Воҳидов қўшилди:
- Катта онам кунига икки маҳал овқат ердилар. Мева-чева, қовун-тарвуз алоҳида таом сифатида ейиларди. 100 ёшдан ўтиб вафот этдилар. Онам эса 97 йил яшадилар. Умуман, инсон умри, саломатлиги кўп жиҳатдан унинг тановул қиладиган овқатига боғлиқ. Эсимда, Самарқанд шаҳрида икки жойда ҳафтада бир кун товуқ савдоси бўларди. Яҳудийлар ўша ердан товуқ олишарди. Сўйишдан олдин товуқни ўзларининг қассобига кўрсатишарди. У қассоб товуқни текшириб кўриб, соғлом бўлса, сўйиб ейишга рухсат берарди. Мабодо касаллик топса, уни арзонга бўлса ҳам қайта сотиб юборишарди. Яҳудийлар ўз соғлигига ана шундай масъулият билан қарашарди. Бизнинг қассоблар эса баъзан қари мол гўштини ёш молнинг гўшти, деб сотишади. Ҳатто, ўлиб қолган мол гўштини сотганлар ҳам учраяпти.
- Бу гапларда жон бор, - суҳбатга қўшилди тадбиркор Раҳматжон Эгамбердиев. - Биз мижозимизни, тановул қиладиган овқатимизнинг фойда-зарарини яхши билмаймиз. Ваҳоланки, ота-боболаримиз, момо-оналаримиз буни яхши билишган. Бу ҳақда ҳамма тушунадиган махсус китобчалар қилиб, ҳар бир оилага тарқатиш керак. Тиббиётда ҳам диетологлар обрўсини кўтариш зарур.
- Ҳа, отангизга балли, ҳақ гапни айтдингиз, - дейди Соли оқсоқол. - Инсон соғлиғини касал бўлганидан кейин эмас, касал бўлмай туриб ўйлаши керак. Парҳез дегани оч қолиш ёки ўзини қийнаш эмас. Бу - нима, қанча ва қачон ейишни билиш, меъёрни сақлаш демак. Ортиқча овқатдан тийилиш, ёғли ва ширин таомларни меъёрлаш, кўпроқ сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш танага енгиллик беради. Парҳезга риоя қилиш ортиқча вазннинг олдини олади, қанд миқдорини назорат қилади.
Оқсоқол бир лаҳза анжирзорга назар ташлади.
- Мана, анжирнинг ўзи ҳам табиатнинг катта неъмати. Анжирни мавсумида меъёрида тановул қилиш саломатлик учун фойдали. Унинг таркибида клетчатка, витамин ва минераллар бор. Ҳазм жараёнини қўллаб-қувватлайди, организм учун зарур бўлган бир қатор моддалар билан таъминлайди. Шунинг учун ота-боболаримиз дастурхонида анжир алоҳида ўрин тутган. Лекин ҳар қандай неъмат сингари анжирни ҳам меъёр билан ейиш керак. Ахир, «Сиҳат тиласанг, кам е», деб бежиз айтилмаган-да.
Давра қизғин суҳбат, ўзаро баҳслашиш билан давом этди. Мавзу эса ўзгармади: соғлом овқатланиш катта ва мураккаб қоидалардан эмас, аввало, меъёрдан бошланиши бот-бот такрорланди. Нимани ейишни билиш қанчалик муҳим бўлса, қанча ейишни билиш ҳам шунчалик муҳим. Табиат берган неъматлардан, жумладан, анжирдан баҳраманд бўлиш, аммо меъёрни унутмаслик - соғлом ва баракали умрнинг оддий, аммо муҳим шартларидан бири.
“Сиҳат тиласанг, кам е...” деган халқона ҳикматнинг қадрини эса киши йиллар ўтиши билан янада чуқурроқ англайди.
Фармон Тошев.