Беҳбудий 150 йиллиги: Анжуман иштирокчилари Ургутдаги маърифат маскани — Абдусаид Кўчимов кутубхонасида бўлди

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси иштирокчилари бугун куннинг ярмида Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб ва шоир Абдусаид Кўчимов кутубхонасида бўлишди.

Таъкидлаш ўринлики, А.Кўчимов ушбу кутубхонага ўз шахсий кутубхонасидаги 10 мингдан ортиқ китоблардан бошқалар ҳам баҳраманд бўлишини истаб, бу эзгу ишни бошлаган. Хайрли ниятни қўллаб-қувватловчилар ва ушбу мақсадга ҳисса қўшишни истовчилар кўпайгач, бу зиё масканида яна шунча миқдорда китоб тўпланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мазкур зиё масканини ҳам ўз тармоғига қўшиб, ургутлик китобхонларнинг мамлакатимиз бош кутубхонаси фондидаги асарлардан баҳраманд бўлишларига имконият яратди.

Навоий кон-металлургия комбинати эса кутубхонани замонавий компьютерлар билан таъминлаб, Навоий давлат кончилик ва технология университети кутубхонаси билан онлайн боғлаган.

Анжуман қатнашчилари - Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви аъзолари, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилояти журналист ва блогерлари ушбу кутубхонада бўлиб, бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Иштирокчиларнинг барчаси кутубхонага 300 дан зиёд китоблар совға қилди.