Большевиклар сиёсати ёки қўй терисини ёпинган бўрилар

Туркистон Мухторияти ва унинг тақдирига самарқандлик зиёли Ҳожи Муинни ҳам бефарқ қарамади.
“Ҳар эҳтимолга қарши ҳозирлик...”
Ҳожи Муин “Намойишлар тўғрисида” мақоласида (“Ҳуррият” газетаси 1917 йил 16 декабрь), Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаб намойишлар ўтказилади, лекин Самарқанд зиёлилари сукут сақлайди. Бу жимлиги Ҳожи Муинга маъқул келмайди. Муаллиф сабабини тахмин қилиб кўради: “1. Қўрқоқлик. 2. “Мухторият”нинг фаҳмига бормаслик. 3. “Мухторият”нинг вужудга чиқишига ишонмаслик”. Ҳожи Муиннинг ўзи эса янги ҳодисага, ҳурриятга, мухториятга чин юракдан ишонади. Шу боис ёзади: “...Бу кун Туркистон мусулмонлари “Мухторият”га молик бўлдилар. Мундан сўнгра “Мухторият” билан бирга яшарлар ва ушбу йўлда ўз мол ва жонларини ҳам аямаслар. Яшасин Туркистон Мухторияти!”.
Мухторият эълони, туркистонликларнинг ўз ҳуқуқларига эга бўлиши, ўз ерларига ўзлари ҳоким бўлишлари – бу ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги умидли ўзгариш ҳимояга муҳтож эди. Чунки ҳукумат бошига келган большевиклар ўз ҳукмронлиги учун турли кучларини ишга солиб майдонга чиқишлари аниқ эди. Ҳожи Муин замонасидаги бу ҳодисага ҳам ўз вақтида, айнан Мухторият яшаб турган кунларда муносабат билдириб, “Большевиклар ва биз” деган (“Ҳуррият” газетаси, 1918 йил 9 январь) мақола ёзди. Хавф большевикларда. “Большевиклар иш бошиға ўтириб олган кунларда “Биз кичик маллатларга тамоман ҳуррият ва истиқлол берамиз!” деб хитобномалар воситаси-ла ваъда қилган бўлсалар ҳам бу қуруқ сўзлар қоғоз устидагина қолди. Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, балки, билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларга тўп ва пулемёт билан муқобала этдилар ва этмакдадирлар”.
Большевикларнинг асосий фикри “ишчи ва деҳқон”лар диктатурасини ўрнатиш баҳонасида оддий халқ орасига кириб, уларнинг кўнглини топиш бўлди. Аммо моҳиятига кўра чоризмнинг сиёсати номи ўзгарган равишда давом этди.
“95 просенти мусулмон бўлган улуғ Туркистон ўлкасида ҳам большевиклар ўз сўзларини ўтказмак ва бузуқ маслакларини татбиқ этмак учун қўлларидан келган чора ва тадбирларга киришмоқдадирлар”. Большевиклар ўз мақсадларига эришиш йўлида турли ихтилофлар ўйлаб топиши, кутилмаган фитналар уюштириши мумкин. Бу ҳодисани жуда кўплаб зиёлилар қатори Ҳожи Муин юрак-юракдан сезиб турди. Большевик балоси хавфли, у сукутни мақсад қилган эмас. Ўз ижтимоий-сиёсий маслаги-мавқеини мустаҳкамлаш, озодлик орзусидаги миллатларни қайта исканжага олиш ва қайта кишанлаш ниятида эди улар. Ҳожи Муин ёзади: “Ҳар ҳолда большевиклар тек турмаслар. Бирор баҳона топиб, бизнинг тинчлигимизни бузарлар, деб гумон қиламиз. Чунки буларнинг чин муддаолари ҳануз ҳосил бўлган эмасдир. Шунинг учун бизларга керакким, бу тўғрида ҳар эҳтимолга қарши ҳозирлик кўрайлик. Тамом бирлик билан куч йиғайлик. Ўз ҳуррият ва мухториятимизни сақламоқ учун мол ва жонимизни фидо этмакка ҳозир бўлиб турайлик”.
Давр ва замон йўриғидаги ҳодисаларга гувоҳ бўлган Ҳожи Муиннинг безовталиги бежиз эмас. Тўғри, ҳуррият қўлга киритилди, Мухторият эълон қилинди. Аммо у хавф остида, душман Мухторият тинчлигини бузиши, Мухторият биносини барбод этиши, Мухторият навниҳолини синдириб, парча-парча қилиши мумкин. Демак, ихтилофларга барҳам бериб, кучларни бирлаштириш, душманга қарши ҳозирлик кўриш лозим.
Афсуслар бўлсинки, орадан бир ойлар ўтиб, Ҳожи Муинни безовта этган ўша нотинчлик, зўравонлик, адолатсизлик содир бўлди. Эрк қўлдан кетди, Мухторият қонга ботирилди. Қўқонга дошноқчилар ташланди. Қишлоқлар ёндирилди, тинч аҳоли қирғин қилинди. Қўқон шаҳри тўпга тутилди. Мухторият маҳв бўлди. Мухториятни қонга ботириш (1918 йил, 7 февраль) – бу большевиклар сиёсати, уларнинг мустамлакачилик сиёсатидан, қуюқ ваъдалар билан бирга қўй терисини ёпинган бўриларнинг ишидан бошқа нарса эмас эди.
“Афсуснома”
“Туркистон мухторияти”нинг қонга ботирилган ўша аянчли кунлар фожиаларини тавсифлаб, Каримбек Камий “Ал-изоҳ” журналининг 1918 йил 21 март сонида “Афсуснома (Ҳўқанд фожиасина)” деган ўн бир бандли шеър битди.
“Вой, юз войки, Фарғона хароб ўлди, дариғ,
Зулм ўқи бирла бу кун гарди туроб ўлди, дариғ,
Бу мусибатдин улус чашми пуроб ўлди, дариғ,
Ҳам бари катта-кичик бағри кабоб ўлди, дариғ,
Шаҳр обод эрди чун дашти сароб ўлди, дариғ”.
Охирида “Шаҳри обод эди Ҳўқанд, хароб ўлди, дариғ”, деб ёзди. Ҳолбуки, шеър битилган палла Наврўз кунлари эди. Янги кун нафаси, баҳор фаслининг ҳавоси ҳеч кимга татимади.
“Ҳўқанд фожиаси” кўплаб туркистонликлар қалбини изтиробга солди. Бу жойдаги хунрезликлар хусусида Б.Қосимов ёзади: “19-20 февралда Қўқон ва унинг атрофи Туркистон ҳарбий комиссари Е.Пенфильев буйруғи билан озодлик ва инқилоб шиорлари остида қонга ботирилади. Айрим манбаларга кўра, шаҳар уч кун ёнган. 10 мингдан ортиқ туркистонлик ўрдирилган. Сиёсат учун Фарғона водийсидаги 180 та қишлоққа ўт қўйилган. Ерли халқдан Марғилонда 7000, Андижонда 6000, Наманганда 2000, Бўзқўрғон ва Қўқонқишлоқда 45000 га яқин киши ўлдирилган”.
Бу фожиа тинч аҳолини қон йиғлатди. Қишлоқларнинг хароблари бир неча йил култепа сифатида ўтган-кетганнинг юрагига ваҳима солди. Сафарга чиққан шоир Чўлпон бу ваҳшоний манзараларни йўл хотираларида ёзди.
“Эй гўзал Фарғона...”
Дарвоқе, Чўлпон “Озод Турк байрами” шеърини Туркистон Мухторияти муносабати билан ёзган эди.
“Кўз очинг, боқинг ҳар ён!
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон!
Фидо бу кунларга жон!
Нақорат:
Туркистонлик – шонимиз, туронлик – унвонимиз,
Ватан – бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!..
Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди,
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансун энди!...
Турк бешиги – Туркистон!
Ери олтун, тоғлари кон!
Болалари қаҳрамон!
Ватан учун берур жон.
Нақорат:
Туркистонлик – шонимиз, туронлик – унвонимиз,
Ватан – бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!”
Табиийки, Чўлпонлар Мухториятдан умидвор эди. Аммо большевиклар ҳукмронлик даври бошлангач, юқорида айтилганидек, бадиий адабиётда Мухторият қўлдан кетганига ачиниш, афсус ва надоматлар, қонли фожиаларнинг адабий баёнлари юзага келди. Бу қонли фожиали манзаралар ижодкорлар қалбини яралади; яраларига туз сепди. Уларнинг сўзларида афсус-надомат пайдо бўлди. Чўлпон сафарга чиққан маҳалларида “Вайроналар орасида” юрди. Андижондан Ўшга қараб, муаллиф ўз таъбирига кўра “янги руҳ ва эски тил билан “таваккал”ни айтиб” йўлга чиқади ва вайрон бўлган ўлка манзараларини кўради. Йўли “Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасидағи Хўжаобод қишлоғи”дан ўтади. Хароба қишлоқ ҳолини Чўлпон бундай тасвирлайди: “Йўлда бир қишлоқни кўрдук: ярмидан кўби куйиб кетубдур. Сабабини аравакашлардан сўрадим: “Босмачилар билан урушқони чиққан арманилар 3-4 йил бўлди талаб, ўт қўйиб юбордилар” деди...
Арманиларнинг “миллий дошноқ” фирқалари, шўро ҳукумати ёш вақтида қизил байроқ остиға кириб олиб уларнинг қилғон ваҳшатлари, 18-19-йиллардаги Фарғонадаги “арман диктатураси” кўз олдимдан битта-битта чизилиб ўтди”. Маълмуотларга кўра қонга ботирилган Фарғонанинг икки юзга яқин қишлоғидаги аҳвол шундай ва шунга яқин эди. “Бобурнома”даги: “Бутун Фарғонада, ҳавосининг тозалиғи ва иқлимининг хушлиги жиҳатидан, Ўш билан тенглашатурғон жой йўқ”(Бобур), таърифини Чўлпон жуда яхши билади. Бориб Ўшни кўради. Гарчанд “иқлим ва ҳавоси” аввалгича бўлса ҳам, унинг “бу кунги бузғун ва хароба ҳоли билан ўн йил бурунги Ўш” эмас эди. Шу боис Чўлпон “Юқорида қўйғон сарлавҳам Ўш шаҳрининг чинакам тилмочи!” деган қатъий фикрни ёзади. Чўлпон йўлда “бўшаб қолғон ҳовли-жойларни ва уларнинг йиқилиб, ағдарилиб ётқон уй ва деворларини” кўради.
Чўлпоннинг “Қутуғон мустамлакачилар” мақоласи ҳам бор.
“Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?”
“Бузилган ўлкага” шундай саволли шеър. Шоир давом этади:
“Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?”
Бу мисралардаги “тағин” деган сўз аввалги чоризм сиёсатининг большевиклар томонидан давом эттирилаётганини англатади.
“Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?”
1921 йилда ёзилган бу дардли шеър ана шундай туганчига етади. Табиийки, бу саволлар чўлпонлар авлоди қалбидаги энг заҳмли, ярали, оғриқли бир нуқтадир.
“Эй гўзал Фарғона” каби шеърларининг мазмуни ҳам изтиробли. Шоирнинг юраги йиғлади:
“Эй гўзал Фарғона, қонли кўйлакингдан айланай,
Тарқалиб кетган қора ваҳший сочингга боғланай.
Ваҳший бир ўрмон киби бағрингни босмишдир қамиш,
Кўзларингда ҳеч кўрунмас бир олов, бир ўт ёниш.
Кенг, чўзуқ яйловларинг ёвларга очмиш кўксини,
Бир қаро парда босибдир тупроғингнинг устини.
Кўзларинг сўлган, ўлук руҳинг билан боқдинг менга,
Қуртилишнинг юлдузи асло кўринмасми сенга?
Ул баланд, зўр тоғларинг нега тўсолмас ёв йўлин?
Йўқмидир ўткур қилич кесмоқға ёвларнинг қўлин?
Биз бутун ожиз, заиф, бағри эзилган сан учун,
Бул қадар қонлар тўкулди ул дахидур сан учун.
Йиғлама, юртим, агар-чи бу кунингда йўқ баҳор,
Келғуси кунларда бахтинг юлдузи ўйнаб қолар”.
Айтмоқчи, ушбу шеър матни билан Чўлпон “Асарлари”да берилгани орасида бир оз фарқлар бор. Шунингдек, шеърга ёзилган изоҳларда “ўзбек матбуотида эълон қилингани маълум эмас”лиги айтилади. Бизнингча, кўпчилик эътиборига тушган, халқ орасида оғзаки равишда тарқалган шоирнинг ушбу “Эй гўзал Фарғона” шеъри биринчи марта “Янги Туркистон” журналининг 1927 йил 2-3-сони 22-бетида босилади. Бироқ шеърга “Чўлпон” деб имзо чекилган эмас. Шеърий матн охирида “Фарғонали: А.” имзоси бор.
Чўлпон айтган баҳорнинг, янгидан миллат “бахт юлдузи”нинг беғубор осмонда пайдо бўлиши учун бир неча ўн йилларни кутиш лозим бўлди. Туркистон мухторияти маҳв этилгач, орадан етмиш уч йил ўтгандан кейингина Чўлпон орзу қилган истиқлол замони келди. Етмиш икки куннинг армони етмиш уч йилга чўзилди. Биз бунга гувоҳмиз ва шу ҳурриятли кунларда истиқомат қилмоқдамиз.
Ҳур замон нима эканини тасаввур қилиш учун жадидлар орзуси билан минг машаққатлар эвазига эълон этилган ва, таассуфки, қўлда ушлаб қолишнинг имкони бўлмаган, ақалли уч ой ҳам умр кўрмаган Туркистон Мухториятининг ҳолини теран тасаввур қилмоқ керак.
“Қувватимиз – аскардир”
Ғулом Зафарийнинг “Ишчилар дунёси” журналида “Мунча ғамлар...” (1918, 5-сон), “Ишчиларга хитоб” (2-сон), “Ғоямиз” (3-сон), “Тошкент ёшларига” (4-сон), “Даъват” (6-сон) каби шеърлари бор. Шу билан бирга Мухториятни қўллаб-қувватлаш учун аскар зарур эканига доир “Қувватимиз аскардир” (“Ишчилар дунёси” журнали, 2-сон) мақоласи босилади. Ҳар қандай йўл билан бўлса-бўлсин аскарни қўллаш, унга ўзини, ўзлигини англаган ҳар бир одам моддий ёрдам бериши лозим. Ғулом Зафарий ёзади: “Энди мухториятимиз барқарор бўлсин десак, бизга қувват лозим. Ул қувват аскарликдир”. Кимда олтин, кумуш, маржон, ёқут, зумрад – шу каби қимматбаҳо нарсалари бўлса, уларни сандиқларда сақлаб қўйган билан “на давлатга, на миллатга, на ватанга, на аскарга фойдаси бўлмас”. “Бу кун аскарларимиз нақадар кўп бўлса, ул қадар қувватли бўламиз”. Афсуски, Мухторият аскар билан, куч билан ҳимояланиб, ҳуррият сақлаб қолинмади. Саодатли дамлар қўлда кетиб, мухториятчилар қатл этилди, қочиб яширинишга мажбур бўлди.
Мухторият бамисоли бахт қуши эдиким, келиб Туркистон тожига қўнди. Аммо бу бахт қушини бошимиздан учди, аниқроғи, учиришди. Мухториятни маҳв этишдаги жанг тафсилотлари тасвирига бағишланган Ғулом Зафарийнинг “Миллий муҳорабадан бир лавҳа” (“Ишчилар дунёси” журнали 5-сон) деган ҳикоя услубида ёзган кичик асари бор. Қаҳрамони Мўмин деган йигит. Жанг майдонида ярадор ётган кимсаларни кўради. Улар орасида оралаб юрган итларни кўради. Инграётганларни кўради. Бир жойдан отасини топади. Отаси сув сўрайди. Сув ичиб “Алҳамдулиллаҳ” дейди, сўнгра “Оҳ... ҳароб бўлди Хўқанд”, деганича жонини Ҳаққа топширади. Бу Ғулом Зафарий юрагининг ингроғи, оҳи, фарёди, қатағонга муносабати.
Тарих ибрат ва сабоқ учун ойина саналади.
Мухторият тарихи, шу ватан учун жон фидо қилганлар хотираси ёдга олинмоғи лозим. Бугун уларнинг жасоратлари, шижоатлари, ҳурриятга ташна бўлганликларини эсланиши лозим. Руҳи шод бўлади.
“Ботмасин чиққан қуёш...”
Зукко жадидшунос Сирожиддин Аҳмад Туркистон Мухториятининг адабиётдаги ифодасини атрофлича ўрганди ва “Миллий ҳуррият адабиёти” китобида илм аҳли учун бир қанча муаллифларнинг Мухторият муносабати билан ёзган янги топилган шеърларидан намуналар берди. Масалан, Абдулла Беги:
“Ўз еринда, ўз элинда ўз кучин-эрки борин,
Энди туркистонлилар-да билди, чинлаб англади”,
деб ёзди ва “Олди оқ йўл, яқтилиқ ишларға”, (“Турон” газетаси, 1917 йил, 27 ноябрь) дея ҳурриятга умидланиб қаради. Татар шоири Саид Суначалай “С.С.” имзоси билан ёзган “Мухторият садоси” шеърида (“Улуғ Туркистон”, 1917 йил, 13 декабрь) Мухториятни отган тонгга, уйқудан уйғонишга ўхшатади. Зулм ва хорликлар ортда қолганига ишора этади. Мусулмонларни бирлашувга чорлайди. “Қичқиринг дунёға эрк овозин, Яшасун мухторлиқ, яшасун!”.
Шавқий Шаҳрихоний “Туркистон Мухторияти” шеърида: “Бўлсин бақоли давлат Мухторият муборак!”, деб озод элни қутлайди (“Улуғ Туркистон” газетаси, 1918 йил, 20 январь). Бу давлатнинг умри узун – боқий бўлиш орзуси эди. Ҳидоятулла Алиевнинг “Мухторият шодлиғи” шеърида қайғули кунлар, қўрқинчли тунлар ўтиб, кунлар яхшиланганига урғу берилади: “Ботмасин чиққан қуёш бик истамам ҳеч бошқани”, деб истак бидиради (“Улуғ Туркистон”, 1918 йил, 31 январь). Сирожиддин Аҳмаднинг меҳнат-машаққат билан юзага чиқарган бу адабий мабаларни қадрлаш ва изланишда давом этмоқ керак.
Хулосавий бир мулоҳаза шуки, Туркистон Мухториятининг бадиий адабиётдаги аксида жадид зиёлиларининг юрак сўзи, дарди кўринади; умидлари, шодликлари ва бу кўнгил ҳолатларининг кейинчалик афсус-надомат билан тўлгани кузатилади.
Муҳим, қисқа муддатли умр кўрган Туркистон Мухториятининг ҳолини чуқур ўрганиш, бу тарихий воқелик устида мулоҳаза юритиш натиажасида олинган сабоқ бугунги ҳур замонлар қадрига етишни ўргатади.
Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
2023 йил