Самарқандда ташқи рекламаларни тартибга солишга жиддий киришилди
Ҳудудда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қанчалик кўп бўлса, шунчалик кўп корхона ўзи ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришни истайди. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳрида ташқи рекламанинг кўплиги, бир томондан, шаҳар фаол ривожланаётганидан далолат беради…
Бошқа томондан, бу шаҳар қиёфасига путур етказади ва кўп ҳолларда аҳолига халақит беради. Бундан ташқари, ташқи рекламанинг самарадорлиги пасаяди, чунки унинг миқдори чекланмаган тақдирда, инсон маълумотни қабул қилишни тўхтатади.
Ҳозирги кунда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ташқи рекламани мувофиқлаштириш бўлинмаси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва бошқа масъул давлат идоралари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчасини вилоятнинг намунали кўчасига айлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ташқи реклама объектлари эгаларига реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари юзасидан тушунутиришлар берилмоқда, ташқи рекламалар, эълонлар ва бошқа ахборот объектлари хатловдан ўтказилмоқда, қонунчилик нормаларига мос бўлган рекламалар ҳужжатлаштирилмоқда, «Реклама тўғрисида»ги ва «Давлат тили ҳақида»ги қонунчилик талабларига ва шаҳарсозлик нормаларига зид равишда ўрнатилган реклама ва ташқи ёзувлар жойида демонтаж қилинмоқда. Ўтган вақт давомида Рудакий кўчасидаги 32 та ташқи реклама демонтаж қилинди, 58 та тадбиркорга ташқи рекламасини ҳужжатлаштириш бўйича огоҳлантириш берилди.
Маълумот учун: ташқи реклама ва ахборот жойлаштириш тартибига риоя этмаганлик “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддасига асосан БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима қўллашга сабаб бўлади.
Шукрулло Шамсиев,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.