Пиёдалар йўлаклари савдо майдони эмас

2021 йил якуни билан вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманида саломатлик йўлаклари фойдаланишга топширилди. Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида 30 километрдан зиёд шундай йўлаклар қурилди.

Университет хиёбони, Беруний, Рудакий кўчаларидаги пиёдалар йўлаклари талаб даражасида қурилган. Қизил ва кулранг тоифага бўлинган йўлакларда нафақат пиёдалар, балки велосипедчиларни ҳам кўриш мумкин. Бироқ Даҳбед кўчасидаги 1-ҳаммом рўпарасида пиёдалар йўлагини ковлаётган шахслар бизнинг саволларимизга жавоб беришни истамади.

- Янги қурилган йўлакни бузиб, расвосини чиқаришди, - дейди "Даҳбед" маҳалласида истиқомат қилувчи Раҳмон Усмонов. – Уларга бу ишлари яхши эмаслигини айтганимизда, биз рухсат олганмиз, дея ишларини давом эттиришяпти. Маҳалла ичкарисига ичимлик суви ва оқова тармоқлари тортиш учун 1 метр чуқурликда хандақ қазилмоқда. Қанча маблағ сарфланиб қурилган-ку   ахир, бузиб кетаверишадими? Бунинг учун ким жавоб беради?         

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига яқин ҳудуддаги пиёдалар йўлакларига ёндош тор кўчаларнинг асфальт ёки бетон билан қоп­ланмаганлиги сабаб абгор аҳволга келиб қолган. Кўчага туташ тош-тупроқ йўллар ёмғир ёққач, лой ва балчиққа айланибди. Шунингдек, бетон ариқчалар қурилиш чиқиндилари, барг ва шох-шаббалар билан тўлиши туфайли сув йўлини тўсиб қўйган.

Даҳбед кўчасида жойлашган 6-умумтаълим мактаби ёнидаги канализация қудуғининг қопқоғи йўқлиги эътиборимизни тортди. Очиқ қудуққа кимдир белги сифатида ёғоч тиқиб қўйибди.

Ёмғирдан сўнг чўккан пиёдалар йўлакларини Орзу Маҳмудов, Маҳмуд Кошғарий, Ўзбекистон, Воҳид Абдуллаев кўчаларида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, Самарқанд шаҳар 2-туғруқхонаси яқинида йўлаклар талабга жавоб бермайди. Баъзи жойларда синган бетон ва  плитка бўлаклари, қурилиш чиқиндилари бор.

Бир ой илгари  Zarnews.uz  телеграм каналида Амир Темур кўчасидаги айрим ошхона, савдо дўкони ҳамда меҳмонхоналарнинг пиёдалар йўлакларини тўсиб  қўйганлиги, йўлаклар қурилиш майдонига айлангани танқид қилинганди. Орадан шунча вақт ўтса-да, танқиддан тегишли хулоса қилинмаган кўринади. Давлат идоралари ва янги қурилган кўп қаватли уйлар олдида пиёдалар йўлаклари тартибга солинган. Аммо вилоят транспорт бошқармаси, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейига яқин жойларда яшил майдонлар топталиб, йўлаклар яроқсиз аҳволга келган. Қурилиши давом этаётган биноларнинг қурилиш чиқиндилари, қоғоз парчаларини, айрим жойларда эса канализация қудуқларидан оқова  сизиб йўлакка чиқаётганлигини кузатиш мумкин.

Буюк Ипак йўли кўчасидаги пиёдалар йўлак­лари «уддабурон» тадбиркорлар томонидан «Автокредит» ёзуви битилган енгил машиналар билан тўсиб қўйилган. Уларни машина сақлаш жойи бўлса-да, пиёдаларнинг ўтишларига халақит берган ҳолда йўлакларда сақланаётгани ажабланарли. 

Пиёдалар йўлаги сотиш учун қўйилган машиналар билан тўсиб қўйилганини суратга олаётганимизни кўрган айрим тадбиркорлар нима учун бундай қилаётганимиз билан қизиқди.

- Икки йилдан буён қонуний тадбиркорлик билан шуғулланамиз, - дейди исмини айтишни хоҳламаган машина сотувчи йигит. – Бу жойни ижарага олганмиз. Тўғри, шаҳар ҳокимиятидан келиб машиналарни пиёдалар йўлагига чиқармаслигимизни тайинлашган. Агар машиналарни кўча ёқасига ёки йўлакка қўймасак харидорларни қизиқтира олмаймиз. Натижада бозоримиз касод бўлади.

«Марҳабо» бекати яқинидаги улгуржи савдо дўконлари, ошхоналар кириш қисми пиёдалар йўлагига чиқиб кетганлиги йўловчиларга қийинчилик туғдирмоқда.

- 51-умумтаълим мактаби атрофидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайман,- дей­ди Холиқ бобо. – «Дом»имиз атрофида кеча-кундуз юзлаб машиналарнинг шовқини тинмайди. Пешонасига «Автокредит» деб ёзиб олган машиналар бозорига айланиб кетган. Пиёдалар йўлакларини эгаллаб олишганидан сайр қилиб бўлмайди. Ахир, бу уйларда ҳам кексалар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар яшайди. Ҳамманинг жонига тегиб бўлишди. Наҳотки, бу тадбиркорларни шаҳардан ташқарига чиқариб бўлмаса?

14-умумтаълим мактаби, шаҳар «Баркамол авлод» болалар маркази рўпарасидаги пиёдалар йўлагидан бу яқин орада мутасаддилар ўтмаган кўринади. Чунки у ердаги пиёдалар йўлагига 15 йил илгари тўшалган асфальт қопламасининг айрим жойлари кўчиб, баъзи жойлари уваланиб кетган. Чуқур жойларида кўлмаклар пайдо бўлганлигидан йўловчилар ўтиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолибди. Камига йўлакка ўрнатилган бетон гулхона аллақачон ўз вазифасини ўтаб бўлган.

Кўчада жойлашган шаҳар болалар шифохонаси олдидаги йўлакда ташкил этилган қўлбола «бозорча»ни наҳотки бирорта мутасадди кўрмаган бўлса? Ёки Самарқанд шаҳар марказий поликлиникаси олдидаги лой босган пиёдалар йўлагини кўриб, бу ер шаҳар масъул­лари назаридан четда қолганмикан, дея ўйлаб қоласан.

Шунингдек, «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ олдида ҳам пиёдалар ўтиши учун шароит яратилмаган. Чунки мазкур кўчада жойлашган қурилиш моллари дўконлари эгалари дарахт экиш, гулхона ёки яшил майдонча ташкил этиш ўрнига пиёдалар йўлагини тўсган ҳолда ўз маҳсулотларини қўйиб олишган.  

Алишер Навоий шоҳкўчасида пиёдалар йўлагининг қурилганига кўп бўлган эмас. Бироқ аҳолининг қувончи узоққа чўзилмади, канализация тармоқлари тортилиши баҳонасида йўлакнинг 350-400 метр қисми  кавлаб ташланди. Қурувчилар совуққа қолмасдан ўз ишларини бажаришди-ю, йўлакни таъмирлашни унутишган, шекилли.

Пиёдалар йўлакларини қуриш учун давлатимизнинг миллиардлаб маблағи сарфланганлигини унутмаслик керак. Бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.   

Дилмурод Тўхтаев.

***

Бахтиёр Мустанов олган суратлар.