Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотининг илк совриндорлари аниқланди
Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотини топшириш маросими ўтказилди.
Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ташаббус билан ташкил этилган мазкур мукофот бу йил илк бор тақдим этилмоқда.
Маросимда сўзда чиққан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова мазкур мукофот улуғ аллома ва олим Абу Райҳон Берунийнинг муносиб издошлари, илм-фан соҳаси вакилларини рағбатлантириш ва сунъий интеллектнинг ахлоқий ривожланиши ва фойдаланилишини қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.
– Мен аввало, ушбу мукофотни таъсис этишда ташаббускор бўлган Ўзбекистон ҳукуматига ва Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман, – деди Одри Азуле. – Буюк ўзбек олими, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний номи билан аталган мукофот мен ЮНЕСКО Бош директори сифатида топшираётган энг сўнгги мукофот ҳисобланади ва айни чоғда уни илк бор топшираётганимдан ҳам фахрланаман. Биз сунъий интеллект, замонавий технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келаётган бир даврда унинг ахлоқий томонларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз зарур ва бу мукофот ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бораётган, фанда янгилик яратган олимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган. Беруний мукофоти сунъий идрок этикаси бўйича амалга оширилган энг яхши учта илмий тадқиқот учун ҳар икки йилда тақдим этилади.
Тантанали маросимда Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотига сазовор бўлган олимлар номи эълон қилинди.
Биринчи Беруний мукофоти Бразилиянинг Минас Гераис федерал университети (UFMG) компьютер технологиялари бўйича фахрий профессори Виргилио Аугусто Фернандес де Алмеидага берилди. У сунъий интеллектга ахлоқий, инклюзив ва инсонга йўналтирилган ёндашувларни илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу мукофот билан тақдирланди.
Унинг тадқиқотлари сунъий интеллект, алгоритмлар, этика ва бошқарувни бирлаштиради, алгоритмик тизимларнинг демократияга қандай таъсир қилишини ва тенгсизликни чуқурлаштириши мумкин бўлган ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаришини ўрганади. Унинг "Рақамли дунёда бошқарув" (2020) ва "Алгоритмик институционализм: ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг ўзгарувчан қоидалари" (2023) китоблари ахлоқий тамойилларга асосланган алгоритмларни демократлаштиришни ҳимоя қилади ва рақамли бошқарувни кенгроқ ижтимоий ўзгаришлар билан боғлайди.
Беруний номидаги иккинчи мукофот инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис, профессор Сюзан Перри ва информатика бўйича мутахассис Клаудия Родага берилди. Улар ёшларга йўналтирилган ва олдиндан кўра оладиган сунъий интеллект этикаси бўйича тадқиқотлари, таълим ва ижтимоий интеграцияни бирлаштирган инновацион ишлари учун биргаликда ушбу мукофотга сазовор бўлишди.
Бу олималар 2012 йилдан буён рақамли технологияларни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ўрганиш учун ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб боришади. Уларнинг ҳамкорликдаги тадқиқотлари махфийлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш, кузатув, таълим, рақамли коммуникациялар ва медиа саводхонлиги ҳамда сунъий интеллектнинг ахлоқий ривожланиши, ундан фойдаланиш каби муҳим масалаларни қамраб олади. Сюзан Перри ва Клаудия Родага Париждаги Америка университетида сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЮНEСКО кафедрасини ҳам бошқарадилар.
Учинчи Беруний мукофоти Хитойнинг Цинхуа университети қошидаги халқаро сунъий интеллектни бошқариш институти (олим – Лан Сюэ, Чжен Лян ва Цян Сяо)га берилди. Мазкур институт академик мукаммалликни сиёсий таъсир билан уйғунлаштирган ҳолда сунъий интеллект бўйича ахлоқий тадқиқотларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотга лойиқ кўрилди.
2020 йилда ташкил этилган Халқаро сунъий интеллектни бошқариш институти (I-AIIG) сунъий интеллектнинг ахлоқий ва бошқарув жиҳатлари бўйича Хитойдаги академик тадқиқотлар ва сиёсий мулоқот учун етакчи марказ ҳисобланади. Профессор Лан Сюэ бошчилигидаги институт сунъий интеллектни миллий ва халқаро даражада бошқариш учун турли фанлар бўйича мутахассисларни тадқиқотларга жалб этади ва муҳим масалаларни ўрганади.
Учала совриндорларга ҳам 30 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, Беруний медали ва сертификатлар топширилди.
Маросимдан сўнг Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотининг илк совриндорлари иштирокида сунъий интеллектда ахлоқий қарашлар бўйича давра суҳбати ўтказилди.