“Сен истеъдодлисан” республика кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Мамлакатимизда имконияти чекланган болаларнинг ҳам тўлақонли таълим-тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, инклюзив таълим тизими босқичма-босқич жорий этилаётгани ҳар бир фарзанднинг индивидуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 2 октябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфлари ва уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида “Сен истеъдодлисан” республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига кўра, 2025 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфлари ва уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида эстрада вокал (анъанавий ижрочилик) ҳамда тасвирий санъат йўналишлари бўйича уч босқичли “Сен истеъдодлисан” танлови ўтказилиши белгиланди.
Ушбу танлов имконияти чекланган болаларнинг иқтидорини кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топишларига замин яратиш йўлида муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.
Бугун вилоят "Баркамод авлод" болалар мактабида “Сен истеъдодлисан” кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 26 нафар (уйда якка тартибда таълим олаётган ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив синфларида тарбия олаётган) ўқувчилар фаол иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, бугун Самарқанд вилоятида 1915 нафар бола уйда якка тартибда, 297 нафар ўқувчи эса инклюзив синфларда таълим-тарбия олмоқда. Танлов айнан ушбу фарзандларнинг ўзларини намоён этиши ҳамда орзулари руёби сари дадил қадам ташлаш имконини берди. Кўрик-танловда ижодий ишлари билан ажралиб турган ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Ғолиб ва совриндорлар танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.