Пиёдалар йўлакчаси ҳаракат учунми ёки савдо майдони?

Пиёдалар йўлакчаси ким учун мўлжалланган — одамлар хавфсиз ҳаракатланиши ёки савдо қилиши учунми? Афсуски, бугун айрим ҳудудларда бу савол очиқ қолмоқда.

Сиз тасвирларда кўриб турган йўлаклар аслида пиёдалар учун мўлжалланган. Ушбу ҳолатлар вилоятимизнинг Самарқанд ва Тойлоқ туманларида тасвирга олинган. Йўлакларда бетартиб жойлаштирилган расталар, қозон-ўчоқлар ҳамда реклама воситалари пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Оқибатда фуқаролар йўлнинг қатнов қисмида юришга мажбур бўлиб, ўз ҳаётини хавф остига қўймоқда.

Ачинарлиси, бугун айрим кўчаларда пиёдалар йўлагини топишнинг ўзи мушкул. Аслида инсонлар хавфсиз ҳаракатланиши учун барпо этилган йўлаклар савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари томонидан эгаллаб олинмоқда. Бу эса нафақат йўл ҳаракати қоидаларига, балки шаҳарсозлик ва жамоат хавфсизлиги талабларига ҳам зиддир.

Пиёдалар йўлакчаси - савдо учун эмас, аввало инсон ҳаёти ва хавфсизлиги учун хизмат қилиши керак. Масъул ташкилотлар томонидан бу ҳолатларга бефарқ қаралмасдан, қонуний тартиб ўрнатилиши, тадбиркорлик фаолияти эса белгиланган жойларда амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда, пиёдалар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораверади.

Бахтиёр Мустанов.