Тошкентдан Самарқандга 2,5 соатда: янги автомагистрал қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомобил йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти уч баробар ўсганини, 2030 йилга қадар унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш бўйича катта мақсад белгиланганини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Айни пайтда халқаро йўлларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда.
Қайд этилганидек, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ҳамда Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Шунингдек, Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва қарийб 2 миллиард аҳоли истиқомат қиладиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконияти яратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон йиллик қўшимча 15–20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қилиши мумкин. Бу эса 400–600 миллион доллар даромад келтириб, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, камида 50 мингта доимий иш ўрни яратиш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли қурилишини мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги навбатдаги улкан тарихий қадам деб атади.
Сўнгги ўн йилда 78 триллион сўм маблағ ҳисобидан жами 128 минг километр автомобиль йўлида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бугун мазкур соҳада том маънодаги янги давр бошланаётганини таъкидлади.
Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали замонавий автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннел туридаги ўтиш жойи барпо этилади.
Йўлга оғир юк машиналари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи транспорт воситаларига чидамли монолит бетон қоплама ётқизилади. Текис ҳудудларда транспорт воситалари соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади. Замонавий хавфсизлик тизимлари ва рақамли ечимлар йўл-транспорт ҳодисаларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.
Янги автомагистрал фойдаланишга топширилгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Йўл бир суткада 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини қабул қилиш имкониятига эга бўлади, юк ташиш таннархи эса 20–24 фоизга арзонлашиши кутилмоқда.