ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси нега Самарқандда ўтказиляпти?
2023 йилда ЮНЕСКО томонидан унинг Бош конференцияси 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича махсус резолюция қабул қилинди.
Ташкилотга аъзо 194 давлат томонидан қабул қилинган тарихий қарор - бу, шубҳасиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳодир.
Бош конференция ЮНЕСКОнинг олий органи бўлиб, унинг сессиялари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ташкилотнинг ўтган 80 йиллик тарихи мобайнида Бош конференция сессиялари фақатгина бир марта, яъни 1985 йил Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтган. Қолган барча сессиялар ЮНЕСКО бош қароргоҳи бўлмиш Париж шаҳрида ўтказиб келинган.
Нега Самарқандда?
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг бош қароргоҳи сифатида Самарқанд шаҳри танлаб олиниши бежиз эмас, бунда чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, ушбу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азалдан тарихий учрашувлар, тамаддунлар мулоқоти маркази бўлиб келган. Бу ерда турли маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини тўлдириб, бойитиб келган.
ЮНЕСКО анжумани доирасида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, илмий-маърифий, туристик имкониятлари, унинг дунё тамаддунига қўшган оламшумул ҳиссаси дунё ҳамжамиятига намойиш этилади.
Самарқанд – халқаро конгресслар маркази
Сўнгги йилларда Самарқандда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор тадбир ва анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан:
- “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция (2017 йил),
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018 йил),
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020 йил),
- ШҲТ давлат раҳбарлари саммити (2022 йил),
- Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сeссияси (2023 йил).
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси ва унинг кун тартиби
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси тарихий воқеа ҳисобланади. Унда ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларнинг нуфузли делегациялар ииштирок этади. Бундан ташқари, ЮНЕСКО котибияти ҳам тўлиқ таркибда иштирок этади. 43-сессияси кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олган:
- ЮНЕСКО ташкилотининг ўрта муддатли дастурий мақсад ва вазифаларини тасдиқлаш;
- ЮНЕСКОнинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган бюджетини қабул қилиш;
- ЮНЕСКО ташкил топганининг 80 йиллик юбилейини нишонлаш;
- ЮНЕСКО янги Бош директори номзодини тасдиқлаш;
- ЮНЕСКО ваколати доирасига кирувчи турли масалаларни кўриб чиқиш.
Самарқандга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!
Тинчлик ва барқарор тараққиёт руҳидаги “Самарқанд овози” тобора баландроқ янграйверсин!
Қодир Жўраев,
сиёсий фанлар доктори, профессор.