Ургутда Абдусаид Кўчимов кутубхонаси очилди
Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адиб ва журналист Абдусаид Кўчимов кутубхонаси фойдаланишга топширилди.
Юртимизда сўнгги йилларда китобга ва китобхонлик маданиятига бўлган муносабат янги босқичга кўтарилди.
Президентимиз халқимизда китоб ўқиш маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, “Керак бўлса, машина бериб бўлса ҳам халқимизни китоб ўқишга ўргатамиз”, деган фикрларини амалда тасдиқламоқда.

Бугун “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китобхон маҳалла” сингари танловлар республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар Президент совғаси сифатида автомашина билан тақдирланмоқда.
Абдусаид Кўчимов ташаббуси ва Ургут тумани ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган мазкур кутубхона ҳам ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси бўлди.
Маънавият масканининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев сўзга чиқиб, мазкур кутубхона ёшлар ва аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилишини таъкидлаб, Абдусаид Кўчимовга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.

Тадбирда республикадан келган таниқли ёзувчи ва шоирлар ҳам иштирок этиб, адиб ҳаёти ва ижоди, ўзи туғилиб ўсган маҳаллада ташкил этган кутубхона ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
- Абдусаид Кўчимов нафақат қалами ўткир журналист ва адиб, балки қалбида юрти, халқи, айниқса, ёшлар тақдири учун қайғурадиган чин маънавият фидойиси, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов. - Мана, бугун ижодкорнинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғида унинг ташаббуси билан ташкил кутубхона фикримизнинг тасдиғидир. Бу масканда маърифатнинг руҳи, устоз сўзининг нафаси ва ибрати бор. Ёшлар бу ерга фақат китоб ўқиш учун эмас, балки ўз устида ишлаш, ҳаётда тўғри йўл топиш учун ҳам келади. Ишонаманки, бу кутубхона Деҳқонобод маҳалласида янги маънавий муҳит, янги илҳом ва янгича фикрлашни шакллантиради.