Иштихон МИБ қидирувида бўлган “Malibu 2” фақат кечки вақтларда ҳаракатланган
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ижро варақасига асосан, Мажбурий ижро бюросининг Иштихон тумани бўлими иш юритувида жавобгар фуқаро Ф.Э.га нисбатан ижро ҳужжати келиб тушган.
- Ушбу ҳужжатга кўра, жавобгар Ф.Э.дан даъвогар “Капитал банк” АЖ фойдасига 297 миллион сўм миқдоридаги қарз ундирилиши лозим, - дея хабар беради МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати. - Қарздор томонидан белгиланган ихтиёрий муддат ичида ижро ҳужжати талаблари бажарилмагани сабабли амалдаги қонунчиликка мувофиқ, унга тегишли “Malibu 2” русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинди.
Кейинчалик, давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қарздорга тегишли “Malibu 2” автомашинаси фақат кечки вақтларда ҳаракатланаётгани аниқланди.
Ҳозирда мазкур автомашина белгиланган тартибда вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган бўлиб, ижро ҳужжатининг тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.