Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида

Самарқанд вилояти ҳокимининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1326-сон қарорига мувофиқ, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2024 йил 6 январдаги (02/02-32/5-сон), вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасининг 2025 йил 13 январдаги (7-сон) ва вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 17 январдаги (20-0818-сон) хулосалари ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари котибияти мудири Р.Махқуловнинг 2025 йил 16 январдаги (28/01-30-сон) билдиргисига асосланиб ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Қуйидагилар:
бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар миқдорлари 1-иловага;
бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан бино, иншоотлар ва инвентарларни ижарага бериш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловларнинг миқдорлари 2-иловага;
бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан махсус ажратилган жойларда оғир ва катта ўлчамдаги қурилиш материалларини сотиш учун тўловларнинг миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вилоят солиқ бошқармаси (Э.Толлиев), вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси (А.Ражабов)га:
вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларидан тушадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қийматини белгиланган тартибда тўлиқ ундирилишини;
ушбу қарорнинг 1-бандида тасдиқланган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қиймати миқдорларини вилоятдаги барча бозорлар ва савдо комплекслари, сотувчи ва харидорлар эътиборига етказилишини, бу ҳақдаги маълумотларни барча кўринарли жойларга жойлаштирилиши ҳамда амалда татбиқ этилиши устидан назорат ўрнатилишини;
кўрсатиладиган хизматлар қиймати учун тўловларнинг ҳолати бўйича мониторинг кузатуви юритиш ва натижалари юзасидан вилоят ҳокимлигига аниқ таклифлар киритиб борилишини;
кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг янги миқдорларининг тўғри қўлланилиши ҳамда тўлиқ ундирилиши ва бозорлар даромадларининг белгиланган қисмини маҳаллий бюджетга ўз вақтида ўтказилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминлаш топширилсин.
3. Вилоят ҳокимининг 2024 йил 19 февралдаги “Вилоятдаги бозор ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини белгилаш тўғрисида”ги 46-7-0-Қ/24-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, матбуот котиби (М.Ихтиёров), вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” (Н.Норбеков) ушбу қарорнинг оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вилоят ҳокими в.б. А.Бобоев
2025 йил 22 февраль, №55-7-0-Қ/25