Мутолаа: ​​Ойжон янга

(Ҳикоя)

Ойжон янга бу қишлоққа узоқ вилоятдан тушган. Қирқ йил бурун техникум талабаси эди, Нурқул билан ўшанда танишган.

Ота-оналарига балли: бу ёқдагиси «минг чақиримлик юртдан келин тушираманми» демади, у ёқдагиси «мусофирчиликка берадиган қизим йўқ», деб оёқ тирамади. Аммо Нурқул деган зот қизга берган ваъдаларини унутди, шому саҳар ичадиган одат чиқарди, «пиён» деган ном кўтарди.

Ойжон янга бировга тишини ёрмай ўтаверди, жигар-бағри хун бўлди-ю, ўзгалар олдида қон туфламади. Эридан гап очиб, ўсмоқчилаганларга «эр – ярим пир» дерди, холос. Нурқул пиённинг лойга ботганини биров кўрмади, оппоқ ёқаси кир бўлгани йўқ, шими ҳамиша қиррадор, туфлиси ярқираган…

Янганинг солиҳ ўғиллари эр етди, Худо деган аёлнинг ёруғ кунлари келди, икки йил бурун тўнғичи:

– Юринг, эна, – деди. Она-бола Маккаю Мадинага бориб келдилар…

Ана шундоқ аёл тўсатдан қазо қилди.

– Муҳтарам жамоат, – деди имом-домла таъзия чоғи. – Шу мусофир ҳожи онамиз нимаики топган бўлса, сабридан, қаноатидан, эрининг ризолигидан топди.

Ҳамма Нурқул акага қаради. Эндиликда «ҳунари»ни ташлаб, намоз-ниёзга ўтган Нурқул ўкради:

– Халойиқ, гувоҳ бўлинг, ота-онамга ҳалол хизмат қилган бу аёлдан мингдан-минг розиман, илоё у ҳам рози бўлиб кетсин. Билсангиз, Ойжон эмас, Офтобжоним эди у. Анови зормонда эс-ҳушимдан бегона қилган кезлари бирор марта кўчада қолдирмаган. Тўнкадай юмалаб ётганимда, ғилдирак аравага солиб, ётоғимга етказиб келарди. Биров сўраса, «дадаси кўмир обердилар» дер экан, – Нурқул ака «э, аттанг-а» деб пешанасига муштлаворди.

Бошқа вақт бўлса, анчайин одамнинг ичагини узиб қўядиган бу гапдан шу топда ҳамманинг ўпкаси тўлди.

Рустамжон УММАТОВ.