Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлиги: асосий факт ва рақамлар

 

Саноқли кунлардан сўнг Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини бошлайди.

Ушбу тарихий воқеа арафасида Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлигига оид асосий маълумотларни тўплашга ҳаракат қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, ўтган давр мобайнида икки томонлама ҳамкорлик жуда самарали бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим. ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг бой тарихий ўтмиши ва маданий меросига катта эътибор қаратган ҳолда мамлакатимиз иштирокида турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келди.

Фикримча, ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

1. “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” китоби

1992-2001 йиллар давомида ЮНЕСКО томонидан “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” китоби нашр этилди. Жами 6 томдан иборат мазкур нашр оламшумул воқеа бўлиб, Марказий Осиё заминида энг қадим даврдан бошлаб, XX асргача бўлган давр тамаддунлари тарихи ўз аксини топган. Ушбу китобни нашр қилишда дунёнинг ўнлаб мамлакатлари олимлари, шу жумладан, ўзбекистонлик тарихчи ва археологлар фаол қатнашди.

2. ЮНЕСКО юбилей саналари

Шу пайтга қадар ЮНЕСКО раҳнамолигида Ўзбекистоннинг қадим тарихи билан боғлиқ қуйидаги юбилей саналари кенг нишонланди:  

- 1973 йилда Aбу Райҳон Беруний (1973 й.) таваллудининг 1000 йиллиги,

- 1980 йилда Aбу Aли Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги,  

- 1983 йилда Мусо ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги

- 1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги

- 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги

- 1997 йилда Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йилиги

- 1998 йилда Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги

- 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги

- 1999 йилда «Алпомиш» халқ достонининг 1000 йиллиги

- 2000 йилда Камолиддин Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги

- 2001 йилда «Авесто» яратилганининг 2700 йиллиги

- 2002 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги

- 2002 йилда Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги

- 2003 йилда Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги

- 2004 йилда Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги

- 2005 йилда Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йилилиги

- 2006 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги

- 2007 йилда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги

- 2009 йилда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги

- 2024-2025 йилларда “Девони луғоти турк” асарининг 950 йиллиги,

- 2024-2025 йилларда Али Қушчи хотирасининг 550йиллиги,

- 2024-2025 Ажинияз Қосибай ўғлининг 200 йиллиги киритилди.

3. ЮНЕСКО фестиваллари:

Юртимизда қуйидаги фестиваллар ЮНЕСКО шафелигида ўтказиб келинмоқда:

- “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали,

-“Бойсун баҳори” фольклор фестивали,

- Бахшичилик санъати фестивали,

- Ҳунармандчилик фестивали,

- Мақом санъати фестивали.

4. ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхати

ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 7 та объект киритилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

– “Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси”,

- “Бухоро шаҳрининг тарихий маркази”,

- “Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази”,

- “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”,

- “Ғарбий Тян-Шан”, “Турон чўллари”

- “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори”.

5. ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхати

ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросининг 15 та элементи киритилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

– “Шашмақом”,

- “Бойсун маданий анъаналари”,

- “Катта ашула”,

- “Аския - зукколик санъати”

-  “Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар”

-  “Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари”,

- “Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш”,

- “Лазги”,

- “Миниатюра санъати”,

- “Бахшичилик”,

- “Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати”,

- “Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ҳикоялар”,

- “Ўзбекистон кулолчилик санъати”,

- “Наққошлик - иллюминация санъати”,

- “Ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари”,

-  “Рубоб ясаш ва чалиш санъати” (2024 йил декабрда киритилди).

6. ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реестри

ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” ҳужжатли мерос реестрига Ўзбекистоннинг қуйидаги ноёб дурдоналари киритилган:

- Муқаддас Усмон Қуръони,

- Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами,

- Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари,

– Мавлоно куллиёти,

- Бухоро амирлигининг Қушбеги маъмурияти архивлари тўплами.

7. ЮНЕСКО Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғи

ЮНЕСКО Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига Ўзбекистоннинг қуйидаги 2 та объекти киритилган:

-  Чотқол давлат биосфера резервати,

- Қуйи Амударё давлат биосфера резервати

8. ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи

ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи халқаро лойиҳасига Бухоро шаҳри киритилган. Дастур доирасида 2025 йилда Бухорода биринчи замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналеси ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда кўҳна ва боқий шаҳарда ушбу биеннале давом этмоқда.  

9. Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти

2023 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди. Тез орада ушбу мукофот ўзининг илк соҳибларига топширилиши режалаштирилган.

Қодир Жўраев,

сиёсий фанлар доктори, профессор.