Йил бошидаги дастлабки сессияда ўтган йил якунлари таҳлил қилиниб, бу йилги муҳим вазифалар муҳокама қилинди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси ўтказилди. Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.
Сессия аввалида Кенгашнинг 2025 йилдаги фаолияти ҳақида маълумот берилди. Йил давомида сессияларда фаол иштирок этган ва сайловчилари билан мунтазам алоқа ўрнатиб, уларнинг муаммо ва масалалари ижобий ҳал этилишига ҳисса қўшган депутатлар эътироф этилди.
Шундан сўнг сессия кун тартибига мувофиқ вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, омилларини бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар бўйича вилоят прокурори М.Эшназаровнинг ахбороти тингланди.
Қайд этилишича, ўтган йил вилоятда 15998 та жиноят ҳисобга олинган ва 2024 йилга нисбатан 70 фоизга кўпайган. Бу жиноятларнинг 7601 таси (48 фоизи) ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил қилган. Шунингдек, вилоят прокуратураси органлари томонидан 429 та жиноятнинг ҳисобдан яширилганлиги аниқланиб, марказлашган ҳисобга қўйилиши таъминланган.
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, – деди М.Эшназаров. – Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Натижада маҳаллаларда 404 та ўғрилик, безорилик ва бошқа турдаги жиноятлар ҳамда 476 нафар шахснинг жиноят қурбони бўлишининг олди олинди. Шунингдек, 6128 та жиноят фош этилиб, 1110 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, 3241 та жиноят аниқланди. Жиноят содир бўлган маҳаллалар сони ойдан-ойга камайиб, “қизил” тоифадаги маҳаллалар 118 тани ташкил қилиб, 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада камайди. Тегишли органлар ва маҳаллалар билан ҳамкорлик натижасида вилоятимизда қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси каби аҳоли кайфияти ва криминоген вазиятга бевосита таъсир кўрсатувчи жиноятлар камайишига эришилди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда вилоятда содир этилган қотиллик ва тан жароҳати етказиш жиноятларининг салмоқли қисми оила – турмуш муносабатлари доирасида юзага келган келишмовчиликлар туфайли келиб чиққан. Жумладан, зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларнинг 32 фоизи (269 та) ҳамда қотилликларнинг 51 фоизи (18 та) айнан оилавий келишмовчиликлар туфайли содир қилинган.
Шу боис “Оиладаги соғлом муҳит – хавфсиз кўча ва хавфсиз маҳалла таянчи” тамойили асосида оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, ижтимоий профилактика тизимини янада яхшилаш борасида тегишли чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳри бўйича ишлаб чиқилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасига асосан 2024-2025 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Р.Тожиев ҳисобот берди.
Ҳисоботда келтирилишича, бугунги кунда вилоятда 314 та йўналишда 3241 та транспорт воситаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 27 минг 191 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган ҳолда йўналишсиз такси хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланмоқда. 2025 йил давомида аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, қишлоқларни туман маркази, туман марказини вилоят маркази билан боғлаш учун 10 та йўналиш очилди. Йил давомида 101 миллион йўловчига хизмат кўрсатилди ва хизмат ҳажми ўтган йилга нисбатан 18,4 фоизга ошди. Янги автовокзал ва автостанциялар қурилди.
– Шаҳар жамоат транспортида тўлиқ электрон тўлов тизими жорий этилди – деди Р.Тожиев. – Аҳолига банк карталари, АТТО ягона транспорт картаси ҳамда ҚР кодли чипталардан йўлкира ҳақини тўлаш имконияти яратилди. ҚР кодли чипталарни харид қилиш учун 100 га яқин бекатда ҳамда аҳоли гавжум бўлган 800 га яқин нуқтада инфокиосклар ўрнатилди. Бунинг натижасида электрон тўлов улуши 50 фоизга етди. Брутто-шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2024 йилда 13,9 миллиард сўм тўланган бўлса, 2025 йилда 62,7 миллиард сўм тўлаб берилди. Самарқанд шаҳрининг туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳри бўйлаб хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун тарихий масканларни боғловчи икки қаватли “дабл-деккер” туристик йўналишдаги автобуслар хизмати йўлга қўйилди.
Бу борадаги ишлар 2026 йилда ҳам давом этади. Жумладан, бу йил Пайариқ туманида реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуаси очилиши муносабати билан мазкур ҳудудга ташриф буюрувчи хорижий ҳамда маҳаллий зиёратчиларга сифатли транспорт хизматини ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги темир йўл вокзали, аэропорт, Амир Темур мақбараси ва Имом Бухорий мажмуаси ўртасида учта янги йўналиш ташкил этилиб, замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Самарқанд шаҳрида электробуслар улушини ошириш мақсадида йилнинг биринчи ярмида 50 та, йил якунига қадар яна 250 та электробус олиб келиниши режалаштирилган. Шаҳарда тирбандликларнинг олдини олиш учун ҳудудлардан кириб келувчи транспорт воситаларини шаҳар ташқарисида тўхтатиш мақсадида 2 та автостанция қурилади.
Депутатлар ҳисобот юзасидан ўз фикрларини билдириб, транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш бўйича таклифларини баён этдилар.
Сессияда мутасадди идораларнинг мурожаатларини инобатга олиб, Жомбой туманидаги “Қорамўйин-2” Паст Дарғомдаги “Искандари”, Нарпайдаги “Гулистон” кичик саноат зоналарини тугатиш ҳамда Пайариқ туманидаги “Халқобод” муқобил машина-трактор парки ҳудудида ҳамда Каттақўрғон шаҳрида Қўшҳовуз маҳалласи ҳудудида кичик саноат зоналари ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, Кадастр агентлигининг “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган ҳужжатлар асосида 1500 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди.
Сессияда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш киритиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, 2026 йилда “Е-аукцион” орқали сотувга чиқариладиган яйлов ер майдонларини тасдиқлаш, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда “Институционал ва ижтимоий инфратузилма биноларини “яшил” қайта жиҳозлаш” бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.