Зўравонликка учраганлар “бошпанаси”

Оиладаги зулм, зуғум билан боғлиқ баъзи кўргуликлар ҳақида эшитар экансиз, беихтиёр унинг илдизлари ҳақида ўйлай бошлайсиз.

Айниқса, шу масалалар билан шуғулланиб юрган мутахассислар айбни бир инсондан изламайди. Ҳатто, зулмкор ҳам ўз-ўзидан бу ҳолга келиб қолмагани, унинг ҳам ўз ҳақиқатлари борлигини баён этишади. Лекин бу ҳақиқатлар ҳам уни оқлай олмайди-да.

“Онам ажрашган, менам ажрашмай, дедим...”

Сарвиноз (исм ўзгартирилган) 18 ёшида чекка бир қишлоққа келин бўлиб тушди. Ҳали навниҳолгина қизни ўзидан ўн ёш катта эркакка иккинчи хотин сифатида, шаръий турмуш асосида узатишга катталарни нима ундади экан? Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз. Унинг бу оилада кўрган-кечирганлари ҳар қандай инсонни даҳшатга солади.

Сарвиноз келин бўлиб тушгач, барча келинлар сингари рўзғор юмушлари билан андармон бўлади, орада ўғил фарзанд кўради. Майда-чуйда гаплар, келинни камситишлар одатий кунларнинг одатига айланади, Сарвиноз ҳам ҳаёт шу экан, дея бу зуғумларга чидайди. Ахир шундоғам онаси момоси билан яшаган, у эса тоғасининг қўлида катта бўлди. Мактабга бормади, фақат уй ишлари билан шуғулланди. “Энди менам ажрашиб борсам одамлар нима дейди, буларнинг ўзларида бир гап бор экан, деб ўйламайдими қишлоқдагилар?”. Сарвиноз фақат шу хаёлда бўлди, шу хаёл билан ҳар кунги камситишларга чидади. Кейин иккинчи фарзанди туғилди. Камситишлар қўл кўтаришга, таҳқирлашга айланди. Қайнона гижгижлайди, эр унинг гапига қулоқ солиб, бадтар жазавага тушади. Охири она ва ўғил болаларни олиб қолиб, бу аёлдан ҳам воз кечиш пайига тушади.

- Аввалига чордоққа олиб чиқиб осишга ҳаракат қилишди, роса ялиндим.

- Бақир-чақирни ҳеч ким эшитмадими?

- Дашт ҳудуди-ку, хонадонлар бир-биридан узоқроқда жойлашган.

- Онангиз, тоғангиз бу ҳақда билармиди, нега улар жим қараб туришди?

- Бошқа вилоятдан келин бўлиб тушганман, қўлимда телефон йўқ, уйга кам борардим, рухсат беришмасди. Қайнонамнинг, «Ўзини ўзи осиб қўйибди, деб гап чиқарамиз, ақлдан озибди», деб айтаётганини эшитдим бир неча марта.

- Нега йўлини қилиб ички ишларга қўнғироқ қилмагансиз, маҳаллага бормагансиз?

- Бир неча марта шунақа ҳолат бўлгандан кейин маҳаллага бордим, улар марказга мурожаат қилишимни айтди. Кейин марказга бордим ва ўша ерда менга ёрдам беришди.

- Қандай ёрдамлар кўрсатилди?

- Асабийликдан соғлигим анча ёмонлашиб қолганди, тиббиёт ходимлари, руҳшунослар мен билан ишлашди. Икки фарзандимни ҳам улар олиб қўйишга ҳаракат қилишди, марказ ҳуқуқшуноси бу масаладаям менга ёрдам берди. Бу ерда ўзимга ишончим ортди. Мана, сизларга ҳам бу ҳақда бемалол гапириб беряпман. Олдин буларни гапира олмасдим...

 Тизим чинакамига ишлай бошлади

Бу воқеа ортида қанчалик дард, қанчалик чуқур яралар ва уларни ниқоблашга интилиш борлиги барибир сезилиб турарди. Ҳали 25 га ҳам кирмаган аёл у. Яхши келин бўлсам, ҳаммасига чидасам, оиламни сақлаб қоламан, дея интилаётган аёл. Энди болаларим учун яшайман, улар учун қаддимни тик тутаман, дея аҳд қилган аёл.

Бир пайтлар оиладаги маиший зўравонлик ҳақида гапириш, уларни ҳимоя қилиш мураккаб жараён эди. Бу ҳолатлар кўпайгач, гарчи гапирила бошласа-да, аммо бундай оилаларга, хотин-қизларга кўмак бериш тартиби, имкони деярли йўқ эди. Тўғри, хотин-қизлар қўмиталари қошида шундай марказлар ташкил этилган, аммо бино бор-у, унда яшаш учун ҳеч қандай имкон бўлмасди. Яъни, уларни маълум муддат бўлса-да, озиқ-овқат билан таъминлаш, фарзандларининг яшаши учун шароит яратиш кўзда тутилмагани учун бу масканларга аёлларни жойлаштиришни ҳам мутасаддилар хаёлига келтирмасди.

Кейинги йилларда масалага тизимли ёндашув юзага келди. Авваламбор, “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар учун реабилитация хизматлари” миллий стандарти ишлаб чиқилди. Ёрдам бериш тартиблари ҳам айнан ана шу стандартлар асосида амалга оширила бошланди. Унга кўра, тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига қасд қилишга уринган аёллар, уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун шаҳар ва туман марказий шифохоналари шошилинч қабул бўлимида бирламчи кўмак хоналари ташкил этилган бўлиб, илк ёрдам ўша ерда кўрсатилади. Кейинчалик зарурат бўлганда, улар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий бўлимларига жойлаштирилади ва вақтинча бошпана билан таъминланади. Хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.

112 ягона диспетчерлик хизмати ҳамда 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони”га тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар келиб тушганда, мутахассислар томонидан хотин-қизларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда хизматлар кўрсатилади. Зўравонлик содир этган шахсга чора кўриш зарур бўлган ҳолларда қўнғироқлар ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига йўналтирилади.

Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташриф буюриш жараёнида кузатилган хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юзасидан зудлик билан мажбурий тарзда ички ишлар идораларига хабар беради.

Ишончни қайтариш – муҳим масала

- Йил давомида марказимиз 55 нафар аёлга шундай хизматларни кўрсатди, - дейди аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази вилоят бўлими раҳбари Гулмира Раҳимова. – Асосан 12 тоифа хотин-қизлар билан иш олиб борамиз. Ушбу мезонларнинг барчаси маҳаллаларда фаолият кўрсатадиган ижтимоий ходимлар томонидан доимий равишда ўрганиб борилади. Тегишли кўрсатмалар бўлгач, марказга келтирилади.

Одатда зўравонликка учраган аёлнинг руҳиятида, саломатлигида жиддий ўзгаришлар бўлади. Биринчи навбатда шу билан ишлаймиз. Аёл бу ҳақда гапиришни истамайди, дардини айтиш унинг учун яна бир жиддий стресс, руҳий бузилишга олиб келади. Шунинг учун бу масалада ҳар бир аёлга индивидуал ёндашяпмиз.

Руҳий, тиббий ёрдамдан сўнг уларнинг ҳуқуқий масалалари ўрганилади. Чунончи, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, фарзандларига эгалик ҳуқуқи, уй-жой масалалари ва бошқа жиҳатлар ҳуқуқшуносимиз томонидан амалий тартибда ижро этилади.

Марказимизда яшаётган аёлларнинг фарзандлари учун мактабгача таълим ташкилотлари бепул, мактабга қатнайдиганлари учун умумтаълим муассасаси танлаб, ҳужжатлаштириш ишларини амалга оширамиз. Аёлларнинг ўзлари вақтини шунчаки ўтказмайди, марказда 5 турдаги касб-ҳунар ўрганиш курслари йўлга қўйилган. Аксарияти бу ердан ҳунар ўрганиб, кейинчалик рўзғорини уддалаб кетганларини кўриб, ишимиздан мамнун бўламиз. Аммо муаммолари ечими учун узоқ вақт лозим бўлган аёллар ҳам кўпчилик.

Бизнинг мақсадимиз биринчи навбатда аёлни ҳаётга, унинг ўзига, яшашга бўлган ишончини қайтаришдан иборат. Биз унинг оиласи бузилиши ёки ажрашиши тарафдори эмасмиз, бу масалани ҳар бир аёл маълум бир муддат ўзига келгач, ўзи ҳал қилиши лозим. Унинг оиласи, турмуш ўртоғи билан ишламаймиз, асосий эътиборни аёлга қаратамиз.

Агрессорнинг “ҳақиқат”лари

- Аслида ҳеч бир инсон зўравон бўламан, аёлим ё бошқаларга зиён етказаман, деб туғилмайди, бунга интилмайди, - дейди марказ психологи Фотима Юнусова. – Агрессор, яъни бизнинг тилда зўравонни шундай номлашади, бундай ҳолга келишига ўз оиласидаги нотинчликлар, болалигида оиласида кўрган зулмлар сабаб бўлади. Онг остида қолиб кетган адолатсизликлар, унга нисбатан бўлган камситишлар бора-бора ички бир нафратга айланади ва у улғайгач, ҳаммадан аламини олишни истайди. Бу аламни чиқариб юбориш инсонни ўзига, ўз устида қанчалик ишлашига боғлиқ. Психолог мутахассисга мурожаат қилиш лозим бундай ҳолатларда.

Табиийки, инсоннинг бундай ўтмиши унга зулм учун эшик очиқлигини билдирмайди. Ҳар бир инсон, аввало, ўз хатти-ҳаракатига жавоб бера олиши керак. Ҳаракатларининг нотўғри эканлигини англаб, ўз вақтида бунга барҳам бермас экан, бу ҳолатга ўзи ҳам кўникади ва авж олади.

Кейин аёлига қўл кўтарадиган кўпчилик эркаклар бунга баҳоналар излайди, рафиқасидан камчилик ахтаради ва у бунга мажбур эканлигини айтади. Аслида бу ўз-ўзини оқлашдан бошқа нарса эмас.

 

Оиламни асраб қолмоқчиман!

- Тўғри, бу ерга келгач, ўзимни анча тиклаб олдим, ўзимга ўхшаган аёлларни кўрдим, кимдандир ўргандим, кимгадир ибрат бўлдим, - дейди шу марказда яшаган яна бир аёл. – Олий маълумотли мутахассис бўлганим учун оиламизда нотинчликлар юзага келган пайтданоқ, аввало, айбни ўзимдан излай бошладим. Эҳтимол, яхши оила бекаси бўлмаётгандирман, деб ўзимни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Лекин оиламиздаги нотинчликлар барҳам топмади, доимий жанжал, қўл кўтаришлар, ҳаётимга нисбатан тажовузлар...

Тўғри, марказда биз, аёлларга зарур бўлган барча хизматлар кўрсатиляпти, саломатлигимиз, иш билан таъминлаш дейсизми, ҳамма муаммомизни қамраб олган ҳолда иш олиб бориляпти. Лекин мени ўйлантираётган масала бор. Мен бу ердан чиқиб, яна ўша уйимга қайтишим керак. Зулм қилаётган инсон билан ҳеч ким ишламаяпти-ку! Унинг фикрлаши, ўзини тутиши неча йиллар давомида ўзгармаяпти, ахир. Фарзандларим отасиз ўсмаслигини мен ҳам истайман, ажрашиб кетиш осон. Лекин улар ўз отаси билан катта бўлиши керак, деган фикрдаман, бир оила бўлиб яшасак, дейман. Аммо ҳозир қайтиб борсам, яна ўша аҳвол, қолаверса, ички ишлар идоралари аралашгани туфайли “мени шарманда қилдинг”, деб аввалгидан ҳам бадтар ҳолатга солиши мумкин-да, ахир.

Хулоса ўрнида

Аёлнинг фикри кишини ўйлантиради: маслаҳат бериш осон, лекин унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрсангиз, қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида жиддий ўйга толасиз. Тўғри, юқорида таъкидланганидай, бугун зўравонликка учраётган хотин-қизлар учун барча босқичларни кўзда тутадиган тизим ишлай бошлади. Аммо аёлни шундай ҳолга келтираётган, оиланинг тинчлигига раҳна солаётган инсон билан ким ишлайди? Тизимли ишларнинг кейинги босқичларида бу масалага ҳам эътибор қаратилар, деган умиддамиз.

Гулруҳ Мўминова.