Самарқандда Туркиянинг 102 йиллик байрами: икки давлат дўстлигининг навбатдаги ифодаси

Самарқанд шаҳрида Туркия Республикаси ташкил топганининг 102 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Самарқанддаги Туркия Республикасининг бош консули Сердар Дениз, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Самарқандда фаолият юритаётган туркиялик фуқаролар иштирок этди.

Тадбир аввалида Туркиянинг Самарқанддаги янги бош консули бўлиб иш бошлаган Сердар Дениз кенг жамоатчиликка таништирилди. Бош консул Ўзбекистон ва Туркия муносабатларини янада ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Туркия ҳудудлари билан Самарқанд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва алоқаларни янада ривожланишига ҳисса қўшишини билдирди.

Сўнгра бундан 102 йил аввал, 1923 йил 29 октябрь куни Мустафо Камол Отатурк томонидан ташкил этилган Туркия давлати бугун жаҳонда ўз ўрни ва мавқеига эга эканлиги, шунингдек, 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганида Туркия буни биринчилардан бўлиб тан олгани, бу эса икки халқ ўртасидаги тарихий дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади.

Бугунги кунда ҳам Туркия Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, Самарқанд вилоятида туркиялик тадбиркорлар билан қишлоқ хўжалиги, қурилиш, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш йўналишларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Вилоятдаги қатор қўшма корхоналар фаолияти икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги ишончли муносабатларнинг ёрқин мисолидир.

Туркия Республикасининг 102 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбир икки давлат ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Самарқанд шаҳри яна бир бор халқаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий бағрикенглик маркази эканини намоён этди.