Самарқанд зиёратгоҳлари медиа вакиллари нигоҳида замонавий қиёфа касб этди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги қатор тарихий зиёратгоҳлар ва Имом Бухорий мажмуасига пресс-тур ташкил этилди.
Амир Темур мероси
Пресс-тур аввалида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбара-мажмуасини томоша қилди. Мақбарани зиёрат қилиш орқали улар буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг ҳаёти ва шижоати ҳақида кенг маълумот олишди.
- Биз бу қадамжога келиб, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқурроқ англадик, - дейди "Daryo.uz" интернет нашри мухбири Олим Сафоев. - Мақбаранинг тарихий аҳамияти билан бир қаторда, бу ердаги меъморий кўринишлар ҳам диққатга лойиқ. Шунингдек, бу йил "Амир Темур ойлиги" муносабати билан юртимизнинг турли ҳудудларида олиб борилаётган тадбирлар бизга бобомизнинг тарихини янада кенг ёритишга катта имконият яратмоқда. Пресс-тур давомида интернет нашримиз учун кўрсатув тайёрладик.
Илмий мерос ва замонавий янгиланишлар
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва мажмуасидаги замонавий меъморий лойиҳалар ва Имом Бухорийнинг илмий мероси ҳақидаги материаллар журналистларда катта таассурот қолдирди.
- Имом Бухорий мажмуасига келиб, бу ердаги янги илмий-экспозицион форматлар билан танишдик, - деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул ходими Келдиёр Тўлиев. - Мажмуанинг замонавий ёндашувлари ва илмий тадқиқотларга бўлган жиддий эътибор журналистларда чуқур таассурот қолдирди. Бу ерда фақат Имом Бухорийнинг илмий меросини сақлаб қолиш билан чегараланиб қолмасдан, балки уни замон талаблари асосида кенг тарғиб қилишга ҳам катта урғу берилгани эътиборга лойиқ.
Журналистлар ва блогерлар Имом Бухорий қолдирган бой мерос, улуғ муҳаддиснинг илмий фаолиятининг аҳамиятини тушуниб, бу ердаги ёритилган янгиликлар ҳақида видеолавҳалар ва мақолалар тайёрлашди.
Имом Бухорийнинг ўзи ва унинг илмий мероси ҳақидаги маълумотлар пресс-тур иштирокчиларига янги ғояларни оммага етказишда ёрдам берди. Қолаверса, ушбу маънавий марказ туризм соҳасидаги муҳим объект бўлиб, у нафақат таълим ва илм-маърифат, балки аҳолини диний ва маънавий тарбиялашнинг асосий воситаси сифатида ҳам хизмат қилади.
Фазлиддин Рўзибоев.