Имом Бухорий мажмуасига Ҳирот оқ мармар тошлари ётқизилади

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида Афғонистон расмийларининг Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун туҳфа этаётган Ҳирот оқ мармар тошларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Афғонистон делегацияси мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг ҳоки мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш чоғида Имом Бухорий мажмуаси қурилиши билан танишиб, бу ердаги қурилишга ўз ҳиссасини қўшиш учун Ҳирот оқ мармари билан таъминлашини таклиф этган эди. Шунга мувофиқ бугун Афғонистондан Ўзбекистонга 18 та юк машинасида узунлиги турли ўлчамдаги қалинлиги 3,5 - 4 сантиметрли ноёб оқ мармар тошнинг дастлабки 324 қутиси етказилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимизнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулло Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ён қўшни ўзбек-афғон халқининг ўтмишдан ўзаро дўстлик ришталари, ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилгани ҳақида сўз юритиб, давлатимиз раҳбари ҳамиша Афғонистондаги вазиятга, афғон халқининг тинч, осуда ҳаётини таъминлашга дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келаётганини таъкидлади. Кейинги йилларда бу алоқалар янги босқичда ривожланаётгани, Амударёнинг икки қирғоғида жойлашган Сурхондарё ва Балх вилоятлари ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар алоқалар ҳам юксалиб бораётгани ва бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда Президентимиз ғояси билан барпо этилган “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси муҳим ўрин тутаётгани, замонавий савдо марказида ўзбек-афғон расмийлари учрашувларида янги ғоя ва таклифлар илгари сурилаётгани қайд этилди.
– Бу тошларни ислом оламининг улуғ алломаси, Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган нодир бойлик муаллифи Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг янги қурилаётган мажмуаси ва унинг атрофига тўшаш учун олиб келдик, –дейди Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги Балх вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Мавлавий Аминуллоҳ Содиқ. – Кейинги йилларда қадимги борди-келди муносабатларимиз янги босқичда ривожланиб, ўзаро ҳамкорлигимиз мустаҳкамланмоқда. Тижорат, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларимиз кенгайиб бораётир. Бу тошга дунёда катта қизиқиш мавжуд. У иссиқда исиб, совуқда совиб кетмайди. Тозаланиши ҳам жуда осон. Ўзига сув юқтирмайди. Бугун тўрт минг квадрат-метр ҳажмда мармар тош олиб келдик. Иккинчи босқичи ҳам тайёр бўлиши билан Ўзбекистонга етказилади.
Тадбир якунида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири