Меъёр билмас ёмғир ва бўронлар: бунинг ортида Эль-Ниньо турибдими?

World Weather Attribution экспертлар гуруҳи маълумотларига кўра, йилнинг иккинчи ярмида бутун дунёда ҳароратни кескин ошириши мумкин бўлган кучли “супер Эль-Ниньо” (Тинч океанининг экватор қисмида сув ҳарорати одатдагидан анча исиб кетадиган табиий иқлим ҳодисаси) бошланиши эҳтимоли юқори.

Эль-Ниньонинг нисбатан совуқроқ оқими туфайли айрим ҳудудларда иссиқ вақтинча чекинган бўлса-да, океан суви ҳарорати максимал даражага яқинлашмоқда. Экспертлар фикрича, 2026 йилда 2024 йилги ҳарорат рекорди янгиланиши ва у яна 0,06 даражага ошиши эҳтимоли катта.

Шу боис жаҳон метеорология ташкилоти экстремал иссиқлик, қурғоқчилик, кучли сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари ва бошқа табиий аномалиялар хавфи ҳақида огоҳлантиради.

Атмосферанинг ортиқча қизиши ҳавода намлик тўпланиб, кучли ёмғир ва бўронларни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг исботини сўнгги пайтлардаги деярли барча минтақаларда юз бераётган ҳаддан ташқари ёғингарчилик ва бўронлар ёки аномал қизиш даражаси мисолида кўриш мумкин. Нам тропик оқимлар шарққа силжиши кучли ёмғир ва сув тошқинларига сабаб бўлса, Тинч океанидаги илиқ сув массалари тропик циклон ва довуллар ортишига туртки бўлади.

Хуллас, олимлар кучли сув тошқинлари, қурғоқчилик ва кенг кўламли ёнғинлар прогнозидан хавотирда. Чунки дунёнинг турли нуқталарида экстремал ҳолатлар кузатилмоқда: Ҳиндистонда ҳаво ҳарорати 46°C гача кўтарилди, Шимолий Америкада ўрмон ёнғинлари давом этмоқда, Чили ва Аргентинада ҳар дақиқада 10 гектардан ортиқ ҳудуд ёнмоқда, Японияда эса ёнғинлар сабаб минглаб аҳоли эвакуация қилинган.

2026 йил баҳорида Марказий Осиё мамлакатларида ёғингарчилик кескин кучайиб, айрим ҳудудларда сув тошқинлари ва сел оқимлари қайд этилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида ҳам кучли ёмғир сел оқимларини келтириб чиққанини кўрдик.

Мутахассислар охирги йилларда “супер Эль-Ниньо” ҳодисаси таъсирида бундай экстремал ҳолатлар кўпайиши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.