Дастур ва режалар ижроси вилоят ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг асосини ташкил этади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттизинчи сессияси ўтказилди.
Сессия ишини вилоят Кенгаши раиси Ш.Негматов бошқарди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилганлиги юзасидан ахборот кўриб чиқилди.
Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг вилоятдаги вакили Абубакр Саломов, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Оқбўтаев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Ф.Бобоев маълумот берди.
Қайд этилишича, 2025 йил якуни билан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 2024 йилга нисбатан 8 фоизга ўсиб, 121,5 триллион сўмни ташкил этган. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида қишлоқ хўжалиги 34,0 триллион сўм, саноат 20,8 триллион сўм, қурилиш 7,6 триллион сўм, хизмат кўрсатиш соҳаси 57 триллион сўм ҳамда соф солиқлар 2 триллион сўмни ташкил этган. Маҳаллий бюджет даромадлари 2025 йилда 6 триллион 483 миллиард сўмга етиб, 2024 йилга нисбатан 22 фоизга ошган.
Ҳисобот йилидаги даромадлар 2024 йилга нисбатан бевосита солиқлар, жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 621,8 миллиард сўм, билвосита солиқлар 71,2 миллиард сўм, ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғи 272 миллиард сўм, бошқа даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумлар бўйича 205,2 миллиард сўмга ошган. Шу билан бирга, 2025 йил давомида республика бюджетидан вилоят бюджетига 4 389,4 миллиард сўм ажратилган.
Вилоят маҳаллий бюджети харажатлари 2025 йилда олдинги даврга нисбатан 35,9 фоизга ўсган ҳамда ҳисобот даврида бюджет харажатлари ижроси 10 556,4 миллиард сўмни ташкил қилган.
Ҳисоб палатаси томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш натижалари бўйича бир қатор тавсия ва кўрсатмалар берилгани ҳам таъкидланди. Жумладан, бюджет даромадлари қамрови таҳлил қилинганда, яширин иқтисодиётни камайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини кучайтириш орқали 338 миллиард сўм қўшимча даромадлар тушириш имкониятлари мавжудлиги аниқланган.
Мазкур масала муҳокамаси чоғида вилоят ҳокими А.Бобоев иқтисодиёт ва молия бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар Ҳисоб палатаси томонидан берилган тавсия ва кўрсатмаларни ўз вақтида, сифатли бажариши, ўтган йил йўл қўйилган камчиликлар бу йил такрорланмаслиги зарурлигини қайд этди.
Шундан сўнг “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вилоятдаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Эгамовнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда келтирилишича, 2025 йил давомида вилоят бўйича 89 та актив аукцион савдоларига чиқарилиб, 485,5 миллиард сўмга сотилган. 2026 йил 1 январь ҳолатига аукцион савдосида турган активлар сони 41 тани (бошланғич нархи 153,6 млрд.сўм) ташкил қилган. Йилнинг биринчи чорагида 17 та актив 67,9 миллиард сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига чиқарилиб, шу пайтгача 21 таси 96,1 миллиард сўмга сотилган. Шунингдек, жорий йилда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 388,2 гектар ер участкалари (354,2 гектари саноат зоналарида) 49,0 миллиард сўмлик бошланғич қиймат билан аукцион савдоларига чиқарилиб, шу пайтгача 171,1 гектари (111,5 гектари саноат зоналарида) 35,5 миллиард сўмга сотилиши таъминланган.
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида"ги фармонига кўра, вилоятимиздаги 10 та жамиятдаги давлат улушларини ҳамда 64 та кўчмас мулк объектини савдога чиқариш белгиланган, – деди А.Эгамов. – Мазкур активларнинг 59 таси 129, 4 миллиард сўм бошланғич нарх билан савдога чиқарилиб, 42 таси 87 миллиард сўмга сотилган. 2 та активни хусусийлаштириш жараёнлари вақтинча тўхтатилди, 2 та актив бўйича тижорат банклари томонидан кредит таъминоти сифатида тақиқ қўйилган, 3 та стоматология поликлиникаларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли белгиланган тартибда МЧЖга айлантирилмоқда. Айни пайтда янги хусусийлаштириш дастури бўйича вилоятдаги 63 та давлат мулк объектини оммавий савдоларга чиқариш режалаштирилган. Бундан ташқари, йил якунига қадар 800 гектар ноқишлоқ хўжалик ер участкаларини савдога чиқариш ва 140 миллиард сўмга сотиш режалаштирилган.
Сессияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили О.Тошниёзов 2025 йилда вилоятда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар ҳақида ахборот берди.
О.Тошниёзовнинг маълум қилишича, 2025 йил давомида минтақавий вакилга 586 та мурожаат келиб тушган ва 2024 йилга нисбатан сони 254 тага кўпайган. Мурожаатларнинг 52 таси ижобий ҳал қилинган, 146 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 244 та мурожаат тааллуқлилиги ва 8 та мурожаат ҳудудийлиги бўйича тегишли органларга юборилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳар (110 та), Паст Дарғом (55 та) ва Пахтачи (25 та) туманларидан келиб тушган.
Мурожаатларда асосан меҳнат муносабатлари, иш ҳақи ва компенсация тўловларини ундириш, алимент тўловлари, ижтимоий ёрдам, пенсия ва нафақа таъминоти, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, уй-жой, ер, коммунал хизматлар, суд ҳужжатлари ижроси, тергов ва жазони ижро этиш жараёнлари билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Депутатлар ахборот юзасидан ўз фикрларини билдириб, уни маъқулладилар.
Шундан кейин сессияда вилоятда 2026 йилда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кафолатли етказиб бериш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича “Йўл харита”сини тасдиқлаш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Пайариқ, Паст Дарғом, Пахтачи, Самарқанд, Нуробод, Ургут, Тойлоқ туманларидаги шаҳар, шаҳарча ва қишлоқлар (маъмурий-ҳудудий бирликлар) чегараларини белгилаш, вилоят маҳаллий бюджетининг 2026 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш, 2026-2028 йилларда ер участкаларининг сув таъминотини яхшилаш, янгидан ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритишга қаратилган дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2026 йил 1 майдаги “Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва ҳокимлик бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Янгиланган тузилмада вилоят ҳокимининг расмий делегацияларнинг ташрифи масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам киритилган.
Сессияда “Тошкент – Самарқанд пуллик автомобил йўлини қуриш” ҳамда “Тахтақорача довонида янги пуллик тоннел қуриш” лойиҳа консепциялари ҳам кўриб чиқилиб, тасдиқланди.