Пайариқ – яхши, Имом Бухорий – нуфузли

Пайариқ жуда катта тарихга эга бўлган туманлардан бири. Айниқса, Фориш, Маржонбулоқ ва Қўшработдан сувли жойга кўчиб ўтган кўплаб фидойиларнинг меҳнати билан катта ариқ қазилгач, бу ерда ҳаёт чинакам қайнаган.
 
Хусусан, Челак бозори жуда кўпчиликка танилган. Чунки бу ерга товарлар билан бирга ибратли турмуш тарзи ҳам кириб келган. Ўзим шу ерда туғилиб ўсганим учун унинг ҳар бир қаричи мен учун қадрли.

Яширмайман, талабалигимизда дўстларимизга мен Пайариқданман деб мақтанардиг-у лекин уларни бу ерга меҳмонликка чорлашга ийманардик. Чунки ҳали қишлоқ йўлларига асфальт кириб бормаган, ҳатто яқин-яқингача тупроқ йўллар кўп эди. Туман марказида ҳам дўкондан бошқа арзирли бинолар кўзга ташланмасди. Бугун эса…

Пайариқнинг жамолига ҳавас қиламиз. Фақат тўйхона эмас, музейлар, кутубхоналар, мактаб ва болалар боғчалари қурилди. Турмуш тарзимиз шаҳарликларникига яқинлашиб боряпти. Айниқса, туман ташкил топганлигининг 100 йиллиги арафасида жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Имом Бухорий мажмуасининг туманимиз ҳудудида жойлашгани бизга ниҳоятда катта фахр бағишламоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа муддатда улуғ аллома мажмуасининг барпо этилиши халқаро воқеа бўлди, десам адашмайман. Ҳозирда бу ерга сайёҳларнинг кеча-ю кундуз оқими ҳавасимни келтиради. Мажмуа атрофида барпо этилган шаҳарчада кўпчиликнинг яшагиси келяпти. Бу ерда жуда катта ҳажмда ифратузилма шаклланяпти. Хусусан, мажмуанинг аэропорт, темирйўл вокзали ва Самарқанд билан янги, замонавий йўл орқали боғланиши кўпчилик эътиборини тортмоқда. Яширмайман, бу ном бизга бугун энг азиз шаън ҳисобланади. Шу сабабли четга чиққанда «қаердансан» деб сўрашса, биз «Имом Бухорийданмиз» дейдиган бўлганмиз.

Шуларни ҳисобга олиб, туманнинг зиёлиси сифатида кўплаб ҳамфикрларимнинг бир хулосасини айтмоқчиман: Пайариқ туманини Имом Бухорий номи билан алмаштирсак қандай бўлар экан? Туман маркази Пайариқ шаҳарчаси деб аталади. Демак, бу ном йўқолиб кетмайди. Туманнинг аллома номи билан аталиши эса, биринчидан, унинг бугунги салоҳиятига муносиб, ва қолаверса, кейинги обрўси учун ҳам хизмат қилади, деб ўйлайман.

Жипак Аҳадова,
журналист, меҳнат фахрийси.