АҚШ – Эрон қарама-қаршилиги янги босқичда: зарбалар, денгиз блокадаси ва кескин баёнотлар

Яқин Шарқдаги ҳарбий-сиёсий вазият янада кескинлашмоқда.

Сўнгги бир неча соат ичида АҚШ ва Эрон бир-бирига қарши янги ҳарбий ҳаракатлар ҳамда кескин сиёсий баёнотлар билан чиқди. Вашингтон Эрондаги қатор ҳарбий объектларга юқори аниқликдаги зарбалар берилганини маълум қилган бўлса, Теҳрон бунга жавобан АҚШнинг минтақадаги ҳарбий объектларига ҳужум қилинганини даъво қилади.

Шу билан бирга, Ҳурмўз бўғози атрофидаги вазият янада таранглашиб, денгиз қатнови хавфсизлиги халқаро ҳамжамият диққат марказига айланди. Ҳурмўз бўғози орқали ўтишга уринган кемалар сони ўтган ҳафтага нисбатан 52 фоизга қисқаргани ҳақида Kpler таҳлилий компанияси маълум қилди. Маълумотларга кўра, 12 июль куни бўғоз орқали атиги 14 та кема ўтган бўлиб, уларнинг ярмини Эрон кемалари ташкил этган.

АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, беш соат давом этган операция давомида Эроннинг жанубий қисмида жойлашган бир қатор ҳарбий объектлар нишонга олинган. Америка томони бу ҳаракатлар Эроннинг денгиз орқали ҳужум қилиш имкониятларини қисқартиришга қаратилганини таъкидлади. Зарбалар соҳил мудофаа тизимлари, ракета мажмуалари, дронлар инфратузилмаси ва ҳарбий-денгиз объектларига қаратилгани айтилди.

Операциядан кўп ўтмай, АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлаштирилганини билдириб, мамлакат қурол ишлаб чиқариш имкониятларининг катта қисми йўқ қилинганига даъво қилди. Шу билан бирга, Вашингтон 14 июлдан бошлаб Эрон портлари билан боғлиқ денгиз ҳаракатига нисбатан чекловлар кучайтирилишини эълон қилди.

Теҳрон бу ҳаракатларга жавоб сифатида АҚШнинг Кувайтдаги ҳарбий базаси ва ҳарбий кемасига зарба берган. Расмийлар, шунингдек, Эрон Ҳурмўз бўғозида белгилаган қоидаларга амал қилмайдиган кемаларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини айтмоқда.
Айни пайтда АҚШ ва Эрон бир-бирининг баёнотларини рад этаётган бўлса-да, халқаро кузатувчилар вазиятнинг янада кескинлашиши бутун Яқин Шарқ хавфсизлиги ва жаҳон энергетика бозорига таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этмоқда. Трамп эса Эроннинг ядровий дастури бўйича аввалги АҚШ маъмурияти сиёсатини айблашдан тўхтамаяпти. У Барак Обама ва Жо Байден даврида Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан ёндашуви Эроннинг имкониятларини кучайтирганини таъкидлади.

Гулнора Холдорова тайёрлади.