Қонунлар шунчаки маъқулланмайди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Туман, шаҳар студиялари билан ZOOM платформаси орқали ташкил қилинган тадбирни вакиллик палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов олиб борди.
Йиғилишда маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари раислари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Қайд этилганидек, бошқа соҳаларда бўлгани каби мамлакат қонун чиқарувчи органи бутунлай янгича муҳит ва ёндашув асосида фаолият олиб бормоқда. Сенаторлар ҳам муҳокамага қўйилган барча қонунларни шунчаки, кўр-кўрона маъқуллаб юборавермаяпти.
- Кўпчилик гувоҳ бўлди, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида айрим қонун лойиҳалари, жумладан, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилди, - деди О.Иминов. – Тўғри, бу ҳолат айрим ижтимоий тармоқларда турли фикрларни келтириб чиқарди. Аслида парламентда шундай баҳс-мунозаралар бўлиши, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мазкур жараёнга ўз муносабатини билдириши албатта, демократик нуқтаи назардан ижобий баҳоланадиган ҳолат.
Аслида ҳар бир ҳужжат ялпи мажлисгача қатор чиғириқлардан ўтади. Хусусан, экспертлар кенгаши жалб қилиниб, дастлабки тарзда қўмиталарда кўриб чиқила- ди. Қонун ташаббускорлари ҳам бу жараёнда бевосита иштирок этади. Қолаверса, жойига чиқиб мавжуд ҳолатни ўрганамиз. Ана шундай жараёнлардан кейин тўла ишонч билан қонун қайтарилди. Лекин қонун қайтарилди, дегани у батамом бекор қилинди, дегани эмас. Буни тўғри тушуниш керак. Гап бу ерда қонунни пухта ишлаш ҳақида кетяпти. Чунки Сенатда муҳокамага қўйилган ҳужжатга тўғридан-тўғри тузатиш киритиш ваколати йўқ. Қонун ё маъқулланади ёки рад этилади. Рад этилса, у кейинчалик парламент вакиллари, экспертлар, қонун ташаббускорлари билан биргаликда янада пишиқ-пухта ишланиб, кейинги ялпи мажлисларда қайтадан муҳокамага қўйилади.
Йиғилишда, шунингдек, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.