Китобларда жо бўлган тарих, ижод ва ҳаёт
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлими, вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва шоир Фармон Тошевнинг “Савр баёзи”, “Зарафшон” газетасининг махсус мухбири Гулруҳ Мўминованинг “Минбардан тушган истилоҳлар” ҳамда “Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркумидан нашр этилган “Самарқанд археологлари” китоблари ҳақида сўз юритди.

Таъкидлаш ўринлики, шеърлар, ғазаллар, мухаммаслар, тахмислар, тўртликлар, рубоийлар, фардлар ўрин олган “Савр баёзи” китобини ўқиган киши ижодкорнинг инсон руҳиятининг табиат ўзгаришларидаги сеҳрли ҳолатлари тасвирига дуч келиши шубҳасиз.
Гулруҳ Мўминованинг “Минбардан тушган истилоҳлар” номли суҳбатлар ва публицистик мақолалари ўрин олган китобда муаллифнинг мақолалари ҳар қандай инсоннинг ўз йўлини топишида, ўзлигини англашида, ютуқларни баҳам кўриш баробарида камчиликлардан хулоса чиқаришга ундайди.
- Ҳар қандай ижодкорнинг сермаҳсул ижоди у яратган асарларда кўринади, - дейди “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси, журналист ва шоир Хуршид Нуруллаев. – Бекорга сўзимни сермаҳсул демадим. Устоз Фармон Тошев ҳақиқий ижодкорларнинг ижодкори. Шоирнинг “Савр баёзи” ҳам инсонларга маънавий озуқа бериш баробарида уларга савол ва унинг жавобини ҳам беради, ўйлашга ундайдиган, тавсиявий сўзлари ҳам талай.
Моҳир журналист Гулруҳ Мўминованинг “Минбардан тушган истилоҳлар” китобини ўқиб, газета тарғиботини китоб орқали етказиш ва унинг завқи машаққатини ўзимда туйдим. Китобда турли мавзулардаги мақолалари жамлангани ҳам ўқувчини фикр юритишга ундаса ажабмас.

“Самарқанд археологлари” рисоласида Самарқанд ҳудудида қазишма ишларини олиб борган ва тарихни яратган археолог олимлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз борган. Ушбу рисола тарихчилар, археологлар, этнологлар, илмий изланувчилар ва тарихимиз билан қизиқувчи кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.

- Бу китоб археолог олимлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида дастлабки нашр бўлди, - дейди тарих фанлари номзоди, археолог Амриддин Бердимуродов. – Албатта, тарихда қолиш учун ҳам уни ёзиш керак. Бу албатта бошланиши, келгусида биз таҳририят жамоаси билан бу йўналишда янги-янги маълумотларга бой манбаларни яратишга келишиб олдик.
Тадбир иштирокчилари ҳамда вилоят ахборот-кутубхона марказига муаллифларнинг китоблари совға қилинди.
Ҳусан Элтоев.