КОICА танловида ғолиб бўлган ўқитувчи ва талабалар тақдирланди
Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (КОICА)нинг халқаро меҳнат бозори талабларига мос кадрлар етиштиришда амалга ошираётган ишлари эътиборга лойиқ. Айниқса, уч йил аввал KOICA ва Кореянинг Keimyung Culture университети ҳамкорлигида ташкил этилган “VETIC+” — Касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш маркази бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.
Унинг асосий вазифаси — KOICA ўқув марказларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ва талабалар салоҳиятини замонавий технологиялар асосида ошириш. Самарқанд касб-ҳунар ўқув маркази эса бу борада етакчи база сифатида рақамли таълим тизимини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган. Бу ерда нафақат маҳаллий ўқитувчилар, балки кореялик мутахассислар иштирокида инновацион дарс услублари, рақамли тренинглар ва амалий машғулотлар йўлга қўйилган.
— KOICAнинг PPP лойиҳаси доирасида университетимиз олти йилдан буён Самарқанд касб-ҳунар марказининг таълим салоҳиятини ошириш, ўқув муҳитини яхшилаш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ишларини амалга ошириб келмоқда, — дейди лойиҳа раҳбари, Кореянинг Keimyung Culture университети профессори Ли Санг Сеог. — Мазкур лойиҳа доирасида яқинда Ўзбекистондаги KOICA марказлари ўртасида “Ўқитувчи ва талабалар салоҳиятини ошириш” танлови ташкил этилди. Танловда 24 нафар ўқитувчи ва 15 нафар талаба IT, дизайнерлик, машинасозлик ҳамда замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича беллашди. Бу каби танловлар орқали биз ўқитувчи ва талабаларни халқаро тажрибалар асосида янгича фикрлашга, билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашяпмиз.
Танлов натижасига кўра, Самарқанд ўқув маркази ўқитувчиси Абдулқодир Ҳомидов ва шу марказ талабаси Мансур Султонов гран-при совринини қўлга киритди. Ғолиблар ва фахрли ўринларни қўлга киритган совриндорлар пул мукофотлари, сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоят касбий кўникмалар минтақавий марказида бўлиб ўтган тадбирда KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудов, Keimyung университети профессорлари ҳамда KOICA марказлари раҳбарлари иштирок этди.
— KOICA Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни давом эттиради, — деди Шин Мюнг Сеоп. — Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни тайёрлаш, уларни маҳаллий ва халқаро иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз.
Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар стартап лойиҳаларининг тақдимотини ўтказди. Шунингдек, “1+2” дастури битирувчиларига дипломлар топширилиб, Кореянинг Keimyung Culture университети ва Шаҳрисабз KOICA маркази ўртасида “1+2” дастури бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.