KOICAда ўқиганлар 100 фоиз иш билан таъминланади

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ҳукуматлараро келишувида бешта касб-ҳунарга ўқитиш бўйича шартнома имзоланган. Шунга кўра, 2012 йилда Тошкент шаҳрида, 2016 йилда Самарқанд шаҳрида, 2018 йилда Шаҳрисабзда, 2021 йилда Фарғона шаҳрида KOICA касб-ҳунарга ўқитиш марказлари очилган.

Самарқанд шаҳридаги KOICA касб-ҳунарга ўқитиш марказининг қурилишига Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан 6,5 миллион доллар сарфланган ва ўқув маъмурий, лаборатория ва ётоқхона бинолари қурилган. Қурилишдан ташқари барча жиҳозлар Кореядан келтирилган. Шунингдек, ўқитувчилар Кореяда икки ой малака ошириб келган ҳамда кореялик ўқитувчилар билан ҳамкорликда ўқув режалар ва дарсликлар тайёрланган.

Ўқув маркази ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитади ва иш билан таъминланишга ёрдам беради. Марказга ишсиз фуқаролар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланма асосида юборилади. Фуқаронинг касби бўлмаса ёки касбини ўзгартиришни истаса ушбу марказга мурожаат қилади.

- Марказда ўқувчилар олти ой касб-ҳунар ўрганади ва икки ой саноат корхоналарида амалиёт ўтайди, - дейди Самарқанд шаҳридаги KOICA касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори Исмоил Эргашев. – Ёшлар республикамизнинг барча вилоятларидан марказимизга келади. Шунинг учун бошқа вилоятлардаги корхона ва ташкилотлар билан ҳам шартномамиз бор, яъни уларга мутахассис тайёрлаб берамиз. Ҳар қабулимизда 240 нафар ўқувчи қабул қиламиз. Уларни 6 та касбга, яъни автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, пайвандчилик, электр ва электроника, машинасозлик технологияси, компьютер инженеринг, компьютер графикаси ва дизайн йўналишларида ўқитамиз. Ушбу йўналишларга талаб кўп бўлгани боис битирувчиларнинг юз фоизи тўлиқ ишга жойлашади.

Муваффақиятимизнинг асосий сабаби - корхоналар билан яхши ишлаш. Корхонанинг талабига биноан мутахассис тайёрлаган марказ битирувчисига талаб юқори бўлади. Шунинг учун биз ҳар олти ойда ўқув режамизга ва дарсликларимизга қўшимчалар киритамиз. Бунинг учун аввал корхоналарда сўровномалар ўтказиб, биздан борадиганлар нималарни билишига қизиқамиз.

Бундан ташқари, марказ Кореянинг Keimyug университети ва Korea Polytechnics университети билан 1+2 қўшма дастурлари мавжуд. Унда таҳсил олувчилар бир йил Самарқандда касб-ҳунар ўрганса, қолган икки йил Кореяда ўқийди. Бир йил ичида ўқувчиларга касб-ҳунар билан бирга корейс тили ўргатилади. Корейс тилидан Topik-II олганлар Кореяда ўқишини давом эттира олади. Хорижда ўқишини тугатганлар Е-7 мутахассис виза билан Корея корхоналарида бемалол ишлайди.

- Қўшма дастур лойиҳаси бизда 2023 йилда бошланган, - дейди марказ директори. – 2024 йилда 10 киши битирди ва улардан 7 нафари корейс тилидан Topik-II олиб, Кореяга ўқишга кетди. Ҳамма ҳам бир йилда корейс тилидан Topik-II ололмайди. Topik-II ололмаганлар ўзимизда саноат корхоналарига жойлашди. Кореяга кетганлар ўқишини битириб, ўша ерда саноат корхоналарида ишлаяпти. 2025 йилда 14 нафар ўқувчи қўшма дастур асосида Кореяга кетди. Бу йил ҳам 15 дан ортиқ ўқувчи кетади. Ҳозирча виза ва ҳужжат ишлари олиб бориляпти.

Мазкур касб-ҳунарга ўқитиш марказининг лаборатория биноси ва унда ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганаётган жараёнлари билан ҳам танишдик. Ҳақиқатда ҳар бир йўналиш учун махсус хоналар ажратилган бўлиб, улар энг сўнгги русумдаги техника ва технология асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. 

- Ўқувчилар қайси дастурни ўрганса, шу бўйича топшириқларни бажаради ва уларни ўзининг телеграм саҳифасига қўйиб боради, - дейди касб-ҳунар устаси Жавлон Ҳакимов. - Эртага улар ишга жойлашиш учун бирор корхонага борганида, ушбу бажарган ишларини кўрсатади. Улар компьютерда ясаган нарсаларини амалда ҳам ясаб кўрсатади. Масалан, мана бу блокнотларни ва ундаги дизайнни ўқувчилар ясаган. Баъзи қобилияти кучлилари бизда ўқишини тугатиб, ўз тадбиркорлигини ҳам очяпти. Ўз тадбиркорлигини бошлаган шогирдларим бугун ўттиз нафардан ошди.

- Андижон вилояти Балиқчи туманиданман, - дейди Азимжон Камолиддинов. – Ёшим 18 да. Танишларимдан ушбу касб-ҳунар маркази ҳақида эшитиб, ўқишга келдим ва компьютер графикаси ва дизайн йўналишида тўрт ойдан бери ўқияпман. Бу ерда CorelDRAW, Photoshop каби дастурларни ўргандик. Яна икки ой бошқа дастурларни ҳам ўрганамиз, сўнгра икки ой амалиёт ўтаймиз. Бу ерда касб-ҳунар ўрганиш бепул. Узоқдан келганлар ётоқхона билан таъминланади.

Марказда нафақат касби йўқлар, балки олий маълумотлилар ҳам келиб ўқишаркан.

- Жиззах вилоятидан келиб ўқияпман, - дейди электр ва электроника йўналиши ўқувчиси Жавоҳир Расулов. – Мен дастлаб Самарқанд давлат университетининг филология йўналишини битирдим. Сўнгра магистратурага ўқишга кираман деб юрганимда ушбу марказда ўқиган киши билан танишиб қолдим. Унинг тавсияси билан ўқишга келдим. Бу ерда касб ўрганиш учун барча шароитлар бор экан. Рости, ўрганаётган касбимдан мамнунман. Насиб бўлса, шу соҳада яна ўқишимни давом эттириб, заводларда ишлашни ният қиляпман.

Касб-ҳунар маркази ҳар олти ойда янги ўқувчиларни қабул қилади. Февраль ойида янги ўқувчилар қабул қилинди. Бу ерда ҳар бир касб пухта эгалланади. Бунинг учун марказда барча шароитлар етарли. Фақат ёшларда касб-ҳунар ўрганишга иштиёқ бўлса етарли.

Хуршида Эрназарова.