Самарқандда КОICA бўлғуси автомобиль усталари билимини синовдан ўтказди

Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICA) томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўқувчилари ўртасида касбий кўникмалар кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Илк бор ўтказилаётган танловда Тошкент, Шаҳрисабз ҳамда Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари талабалари беллашди.

ds

Унда қатнашчилар автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ишлари (механик) техниги ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш этди.

Танлов натижаларига кўра, Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Шаҳрисабз касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқувчилари иккинчи ва тошкентликлар учинчи ўринга муносиб кўрилди.

- Танловда ахборот технологиялари йўналиши бў­йича иштирок этдим, - дейди Дилшода Омонқулова. – Келгусида веб-саҳифалар яратиш, графикларни таҳрирлаш каби кўплаб йўналишларда аҳолига хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчиман. Мазкур танловда бу борадаги лойиҳамни тақдим этдим.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов, Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агент­лиги (КOICA)нинг Тошкентдаги офиси директори Сон Сунг Ил ва Кеимюнг коллеж университети саноат билан ҳамкорлик департаменти директори Ким Ёнкаб ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.