22 йўналишда касбий таълим, қонуний меҳнат миграцияси, иш ўрганишга қаратилган амалий машғулотлар...

Булар Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан ишсиз фуқароларга берилаётган имкониятларнинг бир қисми.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда марказдаги бошқа қулайликлар билан ҳам танишдик.

2021 йилнинг 5 майида ташкил этилган марказда бугунга қадар 1048 нафар ишсиз фуқаро ўз қизиқиши бўйича касбга ўқитилиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Эътиборлиси, унда тингловчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ, шу кунгача битирувчиларнинг 90 фоизи бандлиги таъминланган.

- Бугунги кунда 102 та ташкилотга ҳамкорлик шартномаси асосида зарур кадрларни етказиб беряпмиз, - дейди мономарказ директори Дилшод Пардаев. - Асосан аёллар сартароши, тикувчи, пайвандчи, электр тармоғи муҳандиси ва ошпазларга талаб катта. Иш жараёнида бу инобатга олинмоқда, албатта. Жумладан, марказда тикувчилик йўналишидаги гуруҳлар сони учтага етказилди. Бугун уларда 15 нафар эшитишида нуқсони бор хотин-қизларимиз ҳам касб сирларини ўрганмоқда.

Тикувчилар хонасига кирдик. Ҳайратланганимиз - тингловчиларга дарсни бир вақтнинг ўзида иккита мутахассис тушунтирмоқда. Улардан бири маҳоратли тикувчи бўлса, иккинчиси унинг сўзларини таржима қилаётган сурдопедагог эди. Чунки мономарказда эшитишида нуқсони бор фуқароларни касбга ўқитиш учун сурдопедагог штати ҳам очилган. Тингловчилардан бири билан сурдопедагог ёрдамида суҳбатлашдик.

- Ўқишни бошлаганимга бир ой бўлди, - дейди пайариқлик Рўзигул Усмонова. - Мономарказда ташкил этилган тадбирда қатнашиб, унда касб ўрганаётган тингдошларим маҳоратига ҳавас қилган эдим. Мана, ўзим ҳам тикувчиликни ўрганиш учун келдим. Ўқишни тугатиб, туманимиздаги тикув фабрикаларидан бирига ишга кирмоқчиман. Ҳозирча марказ ётоқхонасида турибман. Бу ерда барча қулайликлар бор. Дилдора опа (сурдопедагог) ҳар бир ишимизда бизга кўмак бериб турибди.

Аёллар сартарошлиги бўйича ўқиётган Моҳичеҳра Отамуродова ва Паризода Мўминованинг ҳам мақсади бор. Улар ҳамкорликда гўзаллик салони очиб, ишсиз юрган қўшни аёлларни ҳам ёнига олмоқчи.

Мономарказда, шунингдек, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, иссиқхона технологияси, заргарлик, косметолог, қандолатчи сингари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 22 та йўналишда касблар ўргатилмоқда.

- Жомбойдан келиб, устачиликни ўрганяпман, - дейди маиший уй-рўзғор электротехник буюмларни тузатиш устачилиги бўйича ўқиётган Жаббор Донақулов. - Ўқишни бошлаганимга кўп бўлмаган бўлса-да, бузилган дазмолни таъмирлашни ўрганиб олдим. Уйимдан устахона очмоқчиман.

Вилоят бандлик бош бошқармаси маълумотига кўра, шу кунларда вилоятимизнинг олис туманларида 38 та касбга ўқитиш маркази ташкил этилган. Йил якунигача ҳар бир туманда камида 7 та шундай марказ фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Албатта, уларда ўқув жараёни ҳудуддаги меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб ташкил этилади.

Асқар Баротов.