“Ҳуқуқий ёрдам автобуси” йўловчилари"нинг дарди тингланди

Самарқандда зўравонликка учраган хотин-қизларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ташкил этилган мазкур тадбир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят ҳудудий марказида ўтказилди. 

Ҳозирда ушбу марказда 12 нафар аёл ва уларнинг 24 нафар фарзанди яшамоқда. Уларнинг айримлари даволаниш жараёнида бўлса, бошқалари иш билан таъминланган, ўз ҳаётини изга туширишга интилмоқда. Аёлларнинг баъзилари ушбу марказда ташкил этилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда касб-ҳунар ўрганмоқда. 

- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонуний тарзда мустаҳкамлаб қўйилган, - деди учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Отабек Тошниёзов. – Ушбу марказда яшаш давомида сизлар учун гарчи барча шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, аммо уйингизда қолган муаммолар бор. Қолаверса, фарзандлар алименти, зўравонлик асоратлари, кейинги яшаш манзилингиз билан боғлиқ муаммолар бўлиши табиий. Учрашувда мана шу масалаларни ҳуқуқий ҳал этиш мақсадида сизлар билан очиқ суҳбатлашмоқчимиз.

Иштирокчилар учун таълим олиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва уй-жой масалалари бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил тушунча берилди. Хусусан, Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Р.Тошниёзова, вилоят ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Ёдгорова ва бошқа мутасаддилар ўзларига тегишли масалалар бўйича зўравонликка учраган хотин-қизларга ёрдамлар кўрсатилди, тегишли тавсияларни берилди.