Тадбиркорлик кодекси Сенатда кўриб чиқилди
Қизғин муҳокамадан сўнг кодекс сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тадбиркорлик кодексида 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш назарда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади — тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Шунингдек, Кодекс билан:
— фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиш, хусусий мулк, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш белгиланмоқда;
— тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди);
— якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;
— ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда;
— бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда ҳамда давлат корхоналарига рақобатни чекловчи имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда.