Халқ меҳрини қозонган фидойи раҳбар эди

Бундан беш йил аввал эл ардоғидаги фидойи инсон, иқтисод фанлари номзоди, халқ манфаатларига хизмат қилган раҳбар Аъзамхон Баҳромов вафот этган эди.
Аъзамхон Усмонович 1960 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган эди. 1986 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаб, ўз ҳаётини илмий ва амалий фаолиятга бағишлади. У 1992 йилгача Тошкент халқ хўжалиги институтида ассистент ва аспирант, 1992–1995 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида катта ўқитувчи, доцент ва декан ўринбосари сифатида фаолият юритди.
Кейин Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор масъулиятли бўлинмаларида катта эксперт, бош мутахассис, шуъба мудири ва бошқарма бошлиғининг ўринбосари сифатида фаол иш олиб борди. Бир муддат Ўзбекистон Республикаси макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилди.
2017 йилдан бошлаб у Қўшработ тумани ҳокими, кейин эсa Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимида халқ хизматида фидойилик билан фаолият юритди. Аъзамхон Усмонович раҳбарлигида Каттақўрғон туманида қишлоқ ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш, йўл ва инфратузилма объектларини қуриш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган кўплаб амалий ишлар бажарилди.
Унинг раҳбарлик услуби халққа яқинлик, масъулият, садоқат ва инсонпарварлик билан суғорилган эди. Шу туфайли ҳам нафақат ҳамкасблари, балки минглаб фуқаролар қалбидан чуқур ўрин олган.
А.Баҳромовнинг мамлакат иқтисодиёти ва жамият тараққиёти йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланган. У 2004 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2020 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Эл учун фидойи меҳнат қилган, юртга садоқат билан хизмат этган бундай инсонлар хотираси абадийдир.