Икки халқ адабий алоқаларига хизмат қилган устоз
Самарқанд давлат университетининг Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида ўзбек ва тожик илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган йирик олим, тожик филологияси ва хорижий шарқ тиллари кафедраси профессори, филология фанлари доктори Садри Саъдиевнинг 90 йиллик юбилейи муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов табрик сўзи билан очиб, олимнинг кўп йиллик самарали меҳнати ва устозлик фаолиятини юқори баҳолади.
"Садри Саъдиев нафақат забардаст олим, балки икки қардош халқ - ўзбек ва тожик адабий алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи устоздир", — дея таъкидланди тадбирда.

Тантанали маросимда нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар илмий доира вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар. Тадбирда Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаров, Тожикистон Фанлар академияси президенти ўринбосари Муҳаммаддовуд Саломиён, Тожикистон миллий университети профессори, академик Абдужаббор Раҳмонзода, Хўжанд давлат университети профессори Нурали Нуров каби зиёлилар сўзга чиқиб, олимнинг ибратли ҳаёт йўли ва педагогик фаолияти ҳақида илиқ фикрларни билдиришди.
Иштирокчилар Садри Саъдиевнинг юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва минтақада адабиётшунослик соҳасини ривожлантиришдаги беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, профессор Садри Саъдиев чуқур илмий асосга эга бўлган йирик тадқиқотлар муаллифидир. Унинг қаламига мансуб “Мовароуннаҳр шоирлари поэтикаси”, “XI асрнинг иккинчи ярми ва XII аср бошларида тожик адабиёти”, “XVII аср тожик адабиёти” каби фундаментал асарлар соҳа мутахассислари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, олимнинг Ўзбекистон ва Тожикистон вақтли матбуотида 400 дан ортиқ илмий ва оммабоп-публицистик мақолалари эълон қилинган.
Тадбир якунида 90 ёшли қутлуғ довонни забт этган устозга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, самимий тилаклар билдирилди ва университет раҳбарияти ҳамда меҳмонлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.