Малака оширишда хорижий тажрибалар ўзини оқлаяптими?
Юртимизда педагогларнинг малакасини ошириш тизими ислоҳ қилиниб, янгича методлардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Хўш, малака ошириш тизимида хорижий тажрибалар қўлланиляпти? Шу ва бошқа масалалар юзасидан Самарқанд вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Анвар Собиров билан суҳбатлашдик.
- Республикамизда ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантириш, педагогик касбий фаолияти устида мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2024 йил 21 июнда қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрда “Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида янгиланган малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Бунгача бўлган малака ошириш тизимида ўқитувчилар ҳар йили бир марта бир ҳафталик малака оширишга келишар эди. Бу тизим қайсидир маънода ўзини оқламади. 2025 йилнинг январидан бошлаб 5 йилда бир марта бир ойлик, яъни 100 соатлик малака ошириш тизими йўлга қўйилди. Бунда педагоглар асосий иш жойидан ажралган ва иш ҳақи сақланган ҳолда малака оширишга жалб қилинади.
“Касбий ривожланиш куни”, “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари айнан Сингапур таълим тизими асосида малака оширишга олиб кирилди. Дастлаб Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ва барча вилоятлардаги педагогик маҳорат марказларидан методист, мастер-тренерлар танлаб олинди. Уларга сингапурлик мутахассислар ўқитувчини ўз устида ишлаш учун керак бўлган йўналиш, методикани ўргатди.
2025-2026 ўқув йилидан бошлаб 11 та фан йўналиши бўйича педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни”, “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари республикамиздаги барча мактабларга жорий қилинди. Ўқитувчилар учун ҳафтада бир кун метод куни бор. Шу куни мактаблардан танланган ментор ўқитувчилар ўша ҳудуддаги етакчи ўқитувчиларга янги методлар, фанда олиб борилаётган янгиликлар, ўзлаштирилиши қийин бўлган мавзулар устида ишлади.
Малака ошириш тизимига кириб келган янгиликлардан яна бири Финландия, Англия, Хитой, Франция, Туркия давлатидан мутахассислар жалб қилинди. Дастлаб улар педагогик маҳорат маркази ўқитувчиларини методик таъминлаш, уларга янги метод, усуллар ўргатиш мақсадида таклиф этилди. Сўнгра методист, ментор ўқитувчиларимиз ушбу давлатларда малака ошириб келди. Ҳатто мактаблардан танлаб олинган ментор ўқитувчилар ҳам хорижга малака оширишга юборилди.
Ўзим ҳам Хитойнинг ЮНЕСКО таълим маркази ва Шанхай Нормал университети билан ҳамкорликда ташкил қилинган 15 кунлик стажировкага бориб, 38 та давлат вакиллари билан биргаликда малака ошириб келдим. Хитой таълим тизими бошқа соҳаларда бўлгани каби қатъий тартиб-қоидага асосан қурилган. Хитойда бизникидек алоҳида малака ошириш институтлари йўқ. Улар дастлаб ишга кирган ўқитувчи учун бир йиллик, кейинги фаолиятини давом эттираётган ўқитувчилар учун уч йилда бир марта 120 кредит соат ажратади. Шу кредитни ўқитувчи йил давомида мустақил равишда хоҳласа ўзи ўқиган олий таълим муассасасида ёки ўзига яқин олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчилардан раҳбар топиб, уларнинг дарсларида қатнашиб, педагогик касбий фаолият устида ишлайди.
Хитойда бир синфда 40-50 нафар ўқувчи таълим олар экан. Шунинг учун ҳам Хитой таълимида сунъий интеллект, техника воситалари билан ўқитувчининг вақтини тежаш йўлга қўйилган. Ўқитувчи сунъий интеллект ёрдамида ўқувчиларни баҳолаб, компьютерлар орқали назорат ишларини текшириб, баҳосини чиқариш каби юмушларни тезроқ бажаради. Натижада 45 минутлик дарс жараёнида кўплаб ўқувчилар билан ишлашга имкон топади. Бугун бизни мактабларимизда ҳам ўқувчилар сони кўп. Хитойликларнинг мана шу методини ўзимизга олиб келсак бўлар экан.
Шунингдек, Хитойда болалар эрталабдан кечгача мактабда бўлади. Шу сабабли улар дарсларини мактабда бажаради. Дарсдан кейин ўқувчилар санъат, спорт, фан тўгаракларига жалб қилинади. Мана шу тажрибани мактабларимизда қўлласак, яхши самара бериши мумкин. Бундан ташқари, Хитойда ўқитувчи, ўқувчи, ота-она ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Уларнинг айтишича, хитойликлар биргина болани ўқитмайди, балки бутун бир жамиятни ўқитади. Агар ўқувчининг ўзлаштириши яхши бўлса, ота-онасига раҳматнома юборилади. Аксинча баҳолари пасайиб кетадиган бўлса, ота-онага ҳам вазифа бериларкан. Хитойлик ота-оналар ўқитувчининг олдига киришга қўрқиб тураркан. Ўқитувчининг ишига ота-она ва бошқа ташкилотлар аралашолмайди. Ўқитувчининг мақомини кўтариш учун уларга шундай ҳуқуқ берилган.
Бизда ота-оналар боланинг ўзлаштиролмаслигини ўқитувчининг айби деб ҳисоблайди. Аслида бу ерда ўзларининг ҳам айби бор.

- Бугун хусусий мактаб, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритяпти. Улардаги педагоглар малака оширишга қандай жалб қилиняпти?
- Бизни малака ошириш режамиз ҳар йилнинг бошида тасдиқланади. 2026 йил учун 13 876 нафар педагог, тарбиячи, психолог, директор ва директор ўринбосарларининг малакасини оширишимиз керак. Бунинг ичидан 12 минг нафари давлат муассасаларининг, қолганлари хусусий мактаб ва хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг педагогларидир. Тўғри, охирги икки йилдан бери хусусий мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари кўпайди. Мактаблар билан боғлиқ масалаларда катта муаммоларимиз йўқ. Сабаби, хусусий мактабларда фаолият олиб борадиган педагогларнинг 70-80 фоизи давлат мактабларида ҳам ишлайди. Шунинг учун улар ҳар беш йилда малака ошириши шарт. Шунингдек, хусусий мактабларда меҳнат қиладиган педагоглар хусусий малака ошириш ташкилотлари ёки хорижда ҳам малака ошириши мумкин. Хусусий мактабгача таълим ташкилотларида эса муаммо бор. Аксарият хусусий боғчаларда битта, иккита ёки учта гуруҳ бор. Тарбиячилар сони ҳам кўпи билан уч нафар. Агар бир нафар тарбиячи малака оширишга келса, унинг ўрнини босувчи тарбиячи етишмайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг директорлари билан келишган ҳолда Самарқанд шаҳрига яқин жойлардаги хусусий боғча тарбиячиларини малака оширишга жалб қиляпмиз. Чекка ҳудудлардаги хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячиларини ўқитишимиз учун “Ақлвой” автобус малака ошириш тизими йўлга қўйилган. “Ақлвой” автобуси Самарқанд шаҳридан 30 километр узоқ ҳудудларда жойлашган давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг малакасини ошириш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, сайёр малака ошириш курсларини ташкил қиляпмиз. Бизнинг ўқитувчиларимиз узоқ ҳудудларда жойлашган мактаб ёки мактабгача таълим ташкилотларига бориб, малака ошириш курсларини ўтиб келяпти.
- Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ёки боғча опа томонидан болани ураётган ҳолатлар учраб турибди. Бунга сабаб нимада? Болани уриш педагогикага тўғри келмаслигини улар билмайдими? Малака оширишда педагогларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўргатилмайдими?
- Бизнинг малака ошириш тизимимизда тўртта блок фанлар бор. Биринчиси ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш блоги бўлиб, унда “Ўқувчиларнинг ижтимоий-ҳиссий ривожланишига ёрдамлашиш” ҳамда “Таълимдаги ислоҳотлар, соҳага доир ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар” деган фанлар доирасида малака оширишга келган ўқитувчи ва тарбиячиларга педагогик ҳуқуқий меъёрлар ўргатилади. Бу фанларнинг бирини педагоглар, иккинчисини ҳуқуқшунослар олиб боради. Кейинги блокларда мутахассислик фанлари ўтилади.
Ҳақиқатда бугун ўқитувчи ўқувчини ёки ўқувчи ўқитувчини калтаклаган ҳолатлар рўй беряпти. Ёки ўқувчининг яқинлари томонидан ўқитувчига зуғум қилинганини кўряпмиз. Булар албатта оқлаб бўлмайдиган, педагогик этика, эстетикага тўғри келмайдиган ҳолат эканини яхши биламиз. Жамиятда турли психологик, руҳий ҳолатдаги ўқитувчилар борлигини ҳам биламиз. Бу жараёнга қарши кескин кураш кетяпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, педагоглар учун китобхонлик танлови, турли маънавий-маърифий тадбирлар, мусобақалар ташкил қилинади. Шунга қарамай ножуя хатти-ҳаракатлар қилаётган ўқитувчилар афсуски учраб турибди.
- Авваллари малака оширишга келган педагоглар кооррупцион ҳолатлардан нолирди. Масалан, ҳар бир ўқитувчи ўз китобини малакага келган ўқитувчиларга сотиши, ҳар хил нарсаларга пул йиғиш кабилар кузатиларди. Бугун тизимда кооррупцион ҳолатлар йўқ деб айта оласизми?
- Коррупция ҳар қандай ривожланаётган соҳани йўқ қилиб юборадиган иллат. Бунга қарши айнан марказимиз мисолида гапирадиган бўлсам, ўқитувчиларга китоб сотиш ёки турли масалалар бўйича пул йиғиш ҳолатлар йўқ. Бизда сертификатни сотиб олиш ёки тингловчилар томонидан лойиҳа ишини ҳимоя қилишда таъмагирлик ҳолати кабиларга барҳам берилган. Тингловчилар томонидан ўқитувчиларга совға-саломлар бериш ҳолатларини ҳам буткул тўхтатдик. Марказимиз тўлиқ камералаштирилган ва доимий равишда назоратда. Бугун мен бемалол марказимизда коррупцион ҳолатлар йўқ, деб айта оламан.
- Малака оширишга келган педагог малака имтиҳонидан ўтолмаса, у ўз касбида ишлай оладими?
- Педагог малакавий имтиҳон, яъни тест жараёнидан ўтолмаса, унга иккинчи имконият берилади. Фақат бунда педагог ўз ҳисобидан келиб ўқийди, яъни мактабдаги маоши сақланмайди. Иккинчи марта ҳам у малака ошириш имтиҳонидан ўта олмаса, қонунчиликка кўра у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Ҳозирча бизда бундай ҳолатлар кузатилмади, биринчи малака имтиҳонидан ўтолмаган педагоглар иккинчисидан ўтяпти.
Шунингдек, малака оширишга келганлар 18 соатдан кўп дарс қолдирса, тингловчилар сафидан четлатилади. Масалан, 2026 йилнинг биринчи чорагида 242 нафар тингловчи 18 соатдан зиёд дарс қолдиргани учун тингловчилар сафидан четлатилди.

- Марказда қайта тайёрлов курсига талаб қандай?
- Қайта тайёрлов курсига олий таълим муассасасини тугатган, аммо ўз соҳасида ишлай олмаётган ёки иш тополмаётганлар қабул қилинади. Айни пайтда марказимизда 10 та гуруҳ, саккизта фан йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсида ўқимоқда. Шунингдек, яна очилиши режалаштирилаётган бешта гуруҳ бор. Яқинда уларнинг ҳам ўқиши бошланади.
2025 йилнинг сентябридан бошлаб қайта тайёрлов махсус платформаси ишга тушди, яъни бу тизим рақамлашди. Платформага талабгор дипломини киритади. Платформа ўша диплом қайси тайёрлов гуруҳларига тўғри келишини аниқлаб беради, яъни талабгор йўналиши тўғри келмаган гуруҳларда ўқий олмайди. Талабгорнинг контракт тўлови ҳам платформа орқали қабул қилинади, дипломи ҳам платформа орқали шаклланади. Қайта тайёрловда битта гуруҳ шаклланиши учун камида 25 нафар талабгор ариза бериши керак. Гуруҳ тўлсагина биз қайта тайёрлов гуруҳларини оча оламиз.
Қайта тайёрловни уч хил даражаси бор: касбий қайта тайёрлов, педагогик қайта тайёрлов ва педагогик касбий қайта тайёрлов. Бири 5 ойлик, иккинчиси 7 ойлик, учинчиси 10 ойлик курслардан иборат. Нопедагогик ҳисобланганларни ўн ой ўқитамиз. Масалан, қишлоқ хўжалигининг ветеринария йўналишини тугатган талабгор биология йўналишида ўқишни истаса, уни ҳам педагогик, ҳам касбий қайта тайёрлаймиз. Агар француз тили йўналишида ўқиган талабгор инглиз тилида қайта тайёрловда ўқимоқчи бўлса (у институтда иккинчи тил сифатида инглиз тилини ҳам ўқиган), уни беш ой ичида қайта тайёрловдан ўтказиб, инглиз тили мутахассиси деган диплом берамиз.
- Педагогик маҳорат марказида ўқитувчилар учун қандай шарт-шароитлар яратилган?
- Марказимизда 220 ўринли ётоқхонамиз, 200 ўринли кутубхонамиз бор. Унда яшаш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ҳовлимиз шаҳар марказида жойлашган бўлиб, манзарали дарахтлар билан бўрканган. Айниқса, арча дарахтлари жуда кўп, шунинг учун ҳудуднинг ҳавоси тоза. Марказ тингловчилари учун тўртта ошхона хизмат кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида марказимизда 1400-1500 нафар педагог малака оширади. Уларнинг кўпчилиги оилавий шароитидан келиб чиқиб, қатнаб ўқийди. Шу сабабли ётоқхонамиздаги ўринлар ҳозирча тингловчиларга етарли.
- Малака ошириш тизимини яна қандай такомиллаштириш керак деб ўйлайсиз?
- Марказга ҳар бир фандан ўзининг устида доимий ишлайдиган энг зўр мутахассисларни жалб этиш керак. Бугун аксарият шундай мутахассисларимиз ишлаяпти. Айрим ўринларда ҳали ўзининг устида ишлаши керак бўлган мутахассисларимиз ҳам йўқ эмас. Иккинчидан, малака ошириш марказларига мустақил тадқиқотчилик институтини бериш керак. Улар иш фаолиятидан ташқари илмий тадқиқот билан, айнан методикалар билан шуғулланиши керак. Масалан, хоҳлаган педагогик маҳорат марказини олиб кўрсангиз, бир нафар илмий даражага эга методист ишлайди ёки йўқ.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.