Ўқитувчилар малака иши ёзишдан қутулди: энди улар ҳар йили малака оширади
Авваллари малака ошириш деса, ўқитувчилар бир-биридан қанча пул кетишини суриштирарди. Сабаби, малака оширишга келган ўқитувчи бир ой давомида йиғди-йиғдилар билан овора бўлиб, ўқирди ё ўқимасди. Баъзилари кимларгадир пул бериб кетарди ва ўқишга келмасди. Энди эса тизим буткул ўзгарган, соҳадаги ислоҳотлар малака ошириш жараёнига ҳам ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Аъламжон Ибрагимов билан суҳбатимиз тизимдаги янгиликлар ҳақида.
- Йилдан йилга ўқитувчиларга сифатли таълим бериш талаби ошмоқда. Ўқитувчилар малакасини ошириш борасида марказда қандай ишлар қилиняпти?
- Бир йил давомида ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича учта қонун ҳужжати имзоланди. Шу пайтгача олимлар, тадқиқотчилар, мутахассислар томонидан ҳаёт давомида малака ошириш ҳақида фикрлар билдириб келинаётганди, аммо бу қонунан тасдиқланмаганди.
Тўғриси, педагогларнинг ҳар беш йилда бир ой малака ошириши ўзини оқламади. Энди педагоглар ҳар йили 36 соат малака оширади, бу тартиб шу пайтгача тажриба-синовдан ўтказилди ва 2022 йилнинг январидан бошлаб республикамизда барча ўқитувчилар учун тўлиқ жорий этилади. Ўқитувчилар ҳар йили бир ҳафта малака ошириш курсларида ўқийди. Авваллари мактаб директорларининг «ёрдами» билан айрим ўқитувчилар 10-15 йилда ҳам малака оширмаган. Энди эса бутунлай янгича тизим жорий этилмоқда, яъни ҳар бир мактаб ўқитувчиси ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда бир жойга тўпланади. Натижада ҳеч ким малака ошириш жараёнидан четда қолмайди. Малака ошириш тизими инсон омилисиз бошқарилади.
- Сиз айтаётган 36 соатлик малака ошириш онлайн тарзда бўладими ёки анъанавий?
- Ҳоҳловчилар онлайн тарзида ҳам ўқийди. Биз ўқитувчиларга турли хил шаклларни таклиф қиламиз. Кутилаётган энг катта янгилигимиз онлайн ўқитиш. Бунда ўқитувчи платформага кириб, ўзини баҳолаш тизими орқали қайси дастурларни ўқиши кераклигини билиб олади. Масалан, ўқитувчи ўқувчилар билан яхши тиллаша олмаса, у шу ҳақдаги ўқув дастурлари билан танишади. Лекин фақат бу тарзда ўқитишга ёпишиб қоламиз, деган фикрдан йироқмиз. Баъзилар қишлоқ жойларда интернет яхши ишламаса қандай ўқиш мумкин, деган эътирозлар ҳам билдиряпти. Шароит яхшиланишини кутаверсак вақт ўтиб кетади.
Шунингдек, бир ҳафталик ўқитишнинг анъанавий тизимини ҳам режалаштиряпмиз. Ўқитувчиларни марказга чақириб ўқитишда мактабга зарари тегмайдиган вариантини ўйлаяпмиз. Дарсларни таътил кунларига мўлжаллашни ёки тингловчиларни чақириш эмас, уларга бориб ўқитишни жорий қилмоқчимиз. Агар бир ҳафталик дарсларни бориб ўқитсак, ҳудуддаги ўқитувчиларни бир жойга йиғамиз. Уларнинг муаммоси бир-бирига яқин, шу тарзда ўқитувчиларнинг муаммосига ҳам ечим излаймиз, деган ниятдамиз.
Бундан ташқари, ўқитувчи бирор муваффақиятга эришган бўлса, уни ўқитишга ҳожат йўқ, чунки у ўз устида ишлаяпти. Ўқитувчининг ўқувчиси халқаро ёки республика фан олимпиадасида ғолиб бўлса, бир йил ўқитувчини малака оширишдан озод қилиш таклифи бериляпти. Ёки тажрибаси республикада оммалаштирилган ўқитувчини аттестация ва малака оширишдан озод қилиш керак деган янгича ёндашувлар киритиляпти.
- Аввалги суҳбатимизда малака имтиҳонидан ўтолмаган ўқитувчилар қайта имтиҳон топшириши ҳақида айтгандингиз. Ҳозир ҳам малака имтиҳонидан ўтолмаган педагоглар учраяптими?
- Ҳозир ёндашувни ўзгартирдик. Олдин малака оширишга келган ўқитувчилардан 20 бетлик малака иши ёзиш талаб этиларди. Ўқитувчи атиги 24 кунга малакага келади, у қачон ёзади - қандай ёзади, ҳисобга олинмаган. Энди ўқитувчилар фақат якуний тест топширади. Буни ҳам аввал фақат икки марта топшириш мумкин эди. Баъзи ўқитувчилар ҳаяжонланганидан билганини ҳам бажаролмасди. Биз буни ҳам ўзгартирдик. Тестдан ўтолмаган ўқитувчи яна тайёрланиб келиб, исталган вақтда икки, уч, тўрт марта бўлсаям тест топшириб кетиши мумкин.
Бу йил вилоят ўқитувчиларининг 63 фоизи аттестациядан ўтолмади. Бунга малака ошириш айбдор, деган фикрлар билдирилди. Аслида ўқитувчига билимни олий таълим муассасаси беради, биз эса унинг малакасини оширамиз, холос. 2020 йилда вилоятда 8 мингдан ортиқ ўқитувчи аттестация имтиҳони топширган бўлса, бу йил 16 мингга яқин ўқитувчининг аттестациядан ўтишга хоҳиш билдиргани бу яхши натижа. Демак, ўқитувчи ўз устида ишлашни бошлади.
Илгари мутахассис билан олий тоифали ўқитувчининг маошида кам фарқ бор эди. Масалан, мутахассис 1 миллион сўм олса, олий тоифали ўқитувчи 1 миллион 200 минг сўм маош оларди. Ўртадаги фарқ камлиги учун ўқитувчи тоифасини оширишга қизиқмасди. Ҳозир эса мутахассис ўқитувчи 2 миллион сўм, олий тоифали ўқитувчи 2 миллион 800 минг сўм маош оляпти. Шунинг учун ўқитувчи тоифасини оширишга ҳаракат қиляпти.
- Педагоглар малакасини оширадиган марказ ўқитувчиларининг ўзлари қанчалик даражада малакали?
- Малака ошириш институтида 2009 йилдан 2018 йилгача 9 йил давомида бир нафар ҳам ўқитувчи номзодлик диссертациясини ҳимоя қилмаган. 2018 йилдан 2020 йилгача 8 нафар ўқитувчи номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ўқитувчиларимиз Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил қилинган курсларда ўқиб келяпти. Бундан ташқари, хорижий таълим платформаларида ўқидик. Яқинда жамоамиз билан бир нечта ўқув илмий лабораториялар ташкил қилишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, республикада биринчи бўлиб видео студия, STEAM лаборатория ташкил қилдик.
- Малака оширишга келган ўқитувчиларга марказда қандай шарт-шароитлар яратилган?
- Ўқитувчилар учун 280 ўринли ётоқхонамиз бор, аммо ётоқхонамизда 200 нафар атрофида ўқитувчи истиқомат қилади. Сабаби, яқин туманлардан келаётган ўқитувчиларнинг кўпчилиги қатнаб ўқийди. Барча ўқув биноларимиз ва ётоқхонамизга замонавий иситиш тизими ўрнатдик, хоналарни таъмирладик. Йиллар давомида исимаган хоналар ўтган йилдан бери исияпти.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА
суҳбатлашди.