Самарқанд жамоат транспортида замонавий хизмат ва қулай тизим яратилмоқда

Вилоятда жамоат транспорти тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сезиларли даражада жонланди. Айниқса, йўловчилар учун қулай, хавфсиз ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида бир қатор ўзгаришлар жорий этилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 162 та тадбиркорлик субъекти 3365 та транспорт воситаси билан, шунингдек, йўналишсиз такси сифатида 70 та корхона 370 та енгил автомашина билан, 26 минг 347 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган ҳолда 27 минг 319 та транспорт воситаси билан аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, 577 та автобус, 177 та микроавтобус, 1917 та “Дамас” русумли лицензияланган транспорт воситалари мунтазам йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатяпти.

Брутто-шартномаси ўзини оқлаяптими?

Жамоат транспорти хизмати сифатини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида автобуслар брутто-шартнома тизими бўйича ишлашга ўтказилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида шу тизим йўлга қўйилган. Брутто-контракт тизими ташувчи корхона ва назорат қилувчи орган ўртасида тузилади. Бунда ташувчи корхонага жамоат транспортига қўйилган талабларни, яъни йўналиш чизмасига тўлиқ риоя қилиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, оралиқ интервалга амал қилиш, иш бошланиши ва тугаши тартибини бажариш вазифаси юклатилади.

– Жамоат транспортида автобусларнинг янгиланиши ҳамда хизмат сифатининг оширилиши натижасида Самарқанд шаҳрида бир кунда 200 мингга яқин йўловчига транспорт хизмати кўрсатилмоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. – Хусусан, бошқармамиз муассислигидаги “Самарқандйўловчитранс” давлат муассасаси балансидаги 100 та электробус брутто-шартномаси асосида тўққиз йўналишга бириктирилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида “Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси” давлат корхонаси 2 та йўналишда, яъни 1-сонли “Темирйўл вокзали – Сартепа массиви” ва 2-сонли “Темирйўл вокзали – Сиёб бозори” йўналишлари орқали йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Корхона томонидан жорий йилнинг бугунги кунига қадар 2 миллион 500 мингга яқин йўловчи трамвайлар хизматидан фойдаланди. Ҳозирда Самарқанд шаҳар автобус йўналишларидан 22 таси тендер танловлари асосида хизмат кўрсатиш истагини билдирган ташувчилар билан брутто-шартномаси имзоланди. Тизим асосида фаолият кўрсатаётган ташувчилар тегишли хизматлари учун молиялаштирилмоқда. Ушбу автобусларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ташувларда сифат даражасини кўтариш мақсадида “Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасасининг ишонч телефонлари ишга туширилган.

Яна 250 та электробус олиб келинади

Самарқанд - Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳарлар” дастурига қўшилган шаҳар ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларида электробус олиб келиниб, йўналишларга чиқарилмоқда. 2026 йил якунига қадар Самарқандга яна 250 та электробус олиб келиш режалаштирилган ва бу борада халқаро молиявий ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида шаҳардаги 21 та йўналишга тендер ўтказилиб, чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш босқичма-босқич брутто-шартнома асосида хизмат кўрсатилиши таъминланади.

Электрон тўлов орқали автобусларда тежамкорлик ва қулайлик тизими яратилмоқда

Самарқанд шаҳрида жамоат транспортида рақамли технологияларни жорий этиш орқали йўловчилар учун қулай ва замонавий шароитлар яратилмоқда. Хусусан, йўлкира ҳақини тўлаш амалиётида электрон ва нақд тўлов тизимлари жорий қилиниб, нақд тўлов 3000 сўм, электрон тўлов эса 2000 сўм этиб белгиланди.

Электрон тўловлар банк карталари ҳамда АТТО ягона транспорт картаси орқали амалга оширилади.

– АТТО картаси фойдаланувчилари учун қўшимча имкониятлар яратилган бўлиб, йўловчи биринчи автобусга 2000 сўм, иккинчи автобусга 1000 сўм тўлайди, учинчи ва тўртинчи автобусларда эса бепул ҳаракатланиши мумкин ва валидаторга картани кўрсатиш кифоя,  – дейди вилоят транспорт бошқармаси етакчи мутахассиси Шерзод Халилов.  – Банк картаси ёки АТТО картаси бўлмаган фуқаролар учун шаҳар бўйлаб бекатларга яқин жойларда инфокиосклар ўрнатилган бўлиб, улар орқали 2000 сўм эвазига QR-кодли чипта харид қилиш имкони яратилган. Ушбу тизим яширин иқтисодиётни қисқартириш, йўловчилар оқими бўйича аниқ маълумот олиш, ҳайдовчилар вақти ва ҳаракатини тежаш ҳамда бекатларда ортиқча тўхташларни камайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, жамоат транспорти йўналишлари рақамли харитага жойлаштирилиб, АТТО мобил иловаси, 2ГИС ва бошқа онлайн сервислар орқали автобусларнинг реал вақтдаги ҳаракатини кузатиш имконияти яратилган. Бу эса йўловчиларнинг манзилларига ўз вақтида ва қулай шартларда етиб боришини таъминламоқда.

Жумладан, ўтган йил октябрь ҳолатига кўра, 558 минг 921 нафар йўловчи электрон тўлов тизимидан фойдаланган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг шу даврида 3 миллион 253 мингдан зиёдни ташкил этди. Шу йилнинг якунига қадар Самарқанд шаҳар жамоат транспортини тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда шаҳар атрофи йўналишларини ҳам электрон тўловга ўтказиш масаласи бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Ноқонуний фаолият юритган ҳайдовчилар ва корхона масъулларига чоралар кўрилди

Транспорт назорати инспекцияси автомобиль ва сув транспортида назорат вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Эргаш Муродовнинг таъкидлашича, ташкилот инспектор ходимлари томонидан жорий йилнинг январь-октябрь ойларида вилоят ҳудуди бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда олиб борилган мониторинг давомида 800 га яқин рейд тадбирлари ўтказилиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган қоидабузар фуқароларга нисбатан 10 мингдан зиёд маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган 46 та корхона текширилиб, 487 миллион сўм жарима тайинланган.

Бундан ташқари, Жомбой, Нуробод, Пахтачи, Булунғур, Самарқанд шаҳар ва туманлари ҳудудида катта ҳажмли ва юк ташувчи автотранспорт воситаларини назорат қилиш мақсадида 3 та кўчма тарози назорат пункти фаолият юритмоқда. Хизмат текшируви давомида 1174 та автотранспорт воситаси кўздан кечирилиб, 1030 тасида меъёридан ортиқ юклар борлиги аниқланган ва транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдонига қўйилган.

Вилоятда жамоат транспортини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар нафақат йўловчилар учун қулайлик яратиш, балки иқтисодий самарадорлик, хавфсизлик ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Электрон тўлов тизимининг жорий этилиши, брутто-шартнома асосидаги тизимнинг ишга туширилиши, электробуслар сонининг ошиб бориши транспорт хизматида очиқлик, тезкорлик ва қулайликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.