Ўзимизнинг замонавий жиҳозланган автобуслар аҳолига маъқул бўлди

Самарқанд шаҳар жамоат транспортида кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, аҳоли учун қулай бўлган шаҳар йўналишларидаги транспорт воситалари замонавий талаблар асосида жиҳозланган автобусларга алмаштириб борилмоқда. Шу кунларда шаҳримиз аҳолисининг эҳтиёжини қондириш ҳамда жамоат транспорти етиб бормаган ҳудудларни қамраб олиш мақсадида яна 8 та янги автобус харид қилинди.
“Севинч Транс Сервис” МЧЖ томонидан лизинг асосида харид қилинган ISUZI русумли SAZ HC 4551 маркали автобуслар «Самарқанд автомобил заводи» МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, тўлиқ замонавий талаблар асосида жиҳозланган. Автобус салонида иситиш-совитиш тизими, шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун пандус ҳамда алоҳида жой ажратилган. Шунингдек, кузатув камералари ҳамда электрон тўлов валидаторлари, хавотир тугмаси, мобил қурилмаларни қувватлаш учун USB порти, автобуслар ҳаракатини кузатиб бориш учун GPS қурилмаси ҳам ўрнатилган.
Бугунги кунда дунёнинг етакчи автозаводларида ишлаб чиқарилган 258 та янги автобуслар шаҳримиз аҳолисига хизмат қилиб келмоқда, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. - Мазкур автобусларнинг йўналишларга чиқарилиши билан жамоат транспортларининг сони янада ошди. Натижада корхона томонидан қўшимча 20 та иш ўрни яратилди. Энг муҳими, янги автобуслар ҳам аҳолига манзур бўлди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.