Автобуслар қўйилган, бекатлар йўқ, борлари эса таъмирталаб, видеокузатув мосламалари ва йўл белгилари ўрнатилмаган

Вилоятда мингдан зиёд автобус оралиқ бекатлари мавжуд. Ҳудудларда ушбу бекатларнинг етишмаслиги ва мавжудларининг таъмирталаб ёки қаровсиз ҳолатдалиги бир неча бор танқидий муҳокама қилинган бўлса-да, бу борадаги ишлар масъуллар томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев йиғилишда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйидаги ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларидаги автобус бекатларининг ҳолатини танқид қилди.
Маълумотларга кўра, Самарқанд туманида 25 та, Каттақўрғон шаҳри, Оқдарё ва Пайриқда 12 тадан, Паст Дарғомда 11 та, Булунғур, Нарпай, Ургут ва Каттақўрғон туманларида 10 тадан, Тойлоқда 9 та, Жомбой, Қўшработ ва Пахтачида 8 тадан, Нурободда 7 та, Иштихонда 6 та автобус оралиқ бекатларини қуриш ва реконструкция қилиш зарурати мавжуд.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида брутто-шартнома асосида молиялаштириш тизимига ўтказилган 22 та шаҳар автобус йўналишларига 243 дона замонавий автобус ва электробуслар жойлаштирилган. Брутто-шартнома тизимига мувофиқ, ташувчиларга иш ҳажми ва кўрсатилган транспорт хизматларининг сифатидан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилиш назарда тутилган.
Бироқ Самарқанд шаҳрининг Тонг, Нарпай, Ўзбекистон, Фирдавсий, Панжоб кўчаларида ҳамда Паст Дарғом туманининг Найман кўчасида автобус бекатлари ва йўл белгилари етишмайди. Йўловчиларни дуч келган жойда автобусга чиқиши-тушиши натижасида эса брутто-шартнома тизимининг сифат талабларига риоя этишнинг имкони бўлмаяпти.
- Президент қарорига кўра, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан бекатларда видеокузатув мосламаларини ўрнатиш белгиланган бўлса-да, Жомбой ва Нарпай туманларидан ташқари бирорта ҳудудда ишлар бошланмаган, - деди А.Бобоев. - Шунингдек, аксарият бекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарлича шароит йўқ. Ушбу муаммоларни автомобиль йўллари ҳамда транспорт бошқармалари масъуллари шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган талаб асосида автобус бекатларини хатловдан ўтказиб қуриш, реконструкция қилиш ҳамда тез фурсатда бекатларда тўлиқ видеокузатув мосламалари ва йўл белгиларини ўрнатиши шарт.
Айтиш жоизки, Самарқанд шаҳридаги Тонг, Нарпай, Ўзбекистон, Фирдавсий ва Панжоб кўчаларида жамоат транспорти қўйилган бўлса-да, автобус кутиш бекатларини мавжуд эмас. Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юнус Бобоназаровнинг маълум қилишича, ушбу кўчаларда 26 дона кичик ҳамда 17 дона катта ҳажмдаги автобус бекатлари ўрнатилиши аниқланган. Бироқ катта автобус бекатларини ўрнатиш учун 781,66 миллион сўм, кичик бекатларини ўрнатиш учун 523,9 миллион сўм маблағ керак бўлади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги эса ушбу маблағлар сессия қароридан кейин ажратилиши мумкинлигини маълум қилган.
Фазлиддин Рўзибоев.