Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга янгича таълим тизими жорий этилмоқда
2025 йил 24 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим олиш имкониятини яратиш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар негизида Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари ташкиш этиш белгиланди.
Инклюзив мактаблар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқитади ва касбга ўргатади, уларни инклюзив таълим муҳитига тайёрлаб беради.
2027-2028 ўқув йилидан бошлаб ҳудудларда босқичма-босқич Инклюзив мактаблар фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг 2026 йил 17 июнда “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи тасдиқланди.
Унга кўра, республикада 14 та кўп тармоқли мактаб-интернат ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, вилоятимизда бундай мактаб Самарқанд шаҳридаги 59-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати негизида бўлиб, унинг номи Самарқанд шаҳридаги 8-сон кўп тармоқли мактаб-интернатига ўзгартирилди.
- Мактаб-интернатимиз энди фақат кўзи ожиз болалар учун мўлжалланмайди, аксинча турли ногиронлиги бор болаларни аралаш ўқитамиз, - дейди Самарқанд шаҳридаги 59-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати директори Абдуҳалим Мелиев. – Шу мақсадда мактабимиз кўп тармоқли мактаб-интернати деб аталяпти. Шу пайтгача ногиронлиги бор болалар шаҳарда ота-онаси, яқинлари, маҳалласидан узоқда ўқишган ва яшашган. Улар 17 ёшга тўлгач, яъни мактабни битиргач, оиласига қайтади ва бегона муҳитга мослаша олмайди. Давлатимиз алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ота-онаси бағрида улғайиши учун умумий ўрта таълим мактабларида ҳам инклюзив синфлар очишни режалаштиряпти.
Бу босқич бирданига бўлмайди, йилдан йилга аста-секин шаклланади. Ҳозирча биз кўзи ожиз болаларни мактаб-интернатимизга тўлиқ қабул қиламиз. Сабаби, оддий мактабларда бундай ўқувчиларни ўқитишга шароит йўқ. Шунингдек, бошқа касаллик сабаб ногиронлигини бўлган шаҳар болаларини ҳам ўқишга қабул қиламиз. Мактаб-интернатимиз сиғими 300 нафар болага мўлжалланган бўлиб, ҳозирча 250 нафар бола таълим олмоқда.
Бундан ташқари, республикада тўртта Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаб тажриба-синов тариқасида ташкил этилади. Улардан бири Самарқанд шаҳридаги 60-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида очилади.
- Мактаб-интернатимиз Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаб бўляпти, - дейди мазкур мактаб-интернат директори Фарангиз Шокирова. – Энди мактабимизга ногиронлиги турли бўлган болаларни қабул қиламиз ва 1-4-синфгача инклюзив синфлар ташкил этамиз. Инклюзив синфларда 25 нафар соғлом ва 5 нафар ногирон бола ўқийди. Ногирон болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш учун уларни соғлом болалар билан бирга ўқитамиз. 5-синфдан соғлом болалар умумтаълим мактабларига кетади. 5-синфдан 11-синфгача фақат ногиронлиги бўлган болаларни олиб қоламиз. Уларни ҳаётда ўз ўринларини топиши учун таълим билан бирга касб-ҳунарга ўргатамиз. Бизда миллий ҳунармандчилик, IT соҳаси каби 12 хил касб-ҳунарга ўргатиш йўлга қўйилган. Инклюзив мактабимизга асосан Самарқанд шаҳрида яшовчи ёки яқин ҳудудда истиқомат қилувчи ва кундузи дарсга қатнай олишга шароити бор болаларни қабул қиламиз.
Шу пайтгача шаҳарда кўзи ожизлар, кар ва заиф эшитувчилар, ақли заифлар учун алоҳида мактаб-интернатлар фаолият юритиб келди. Энди улар қисқаради, яъни ҳар бир туманда 4-5 та мактаб учун битта инклюзив синфлар ташкил этилади. Ногиронлиги бор болалар ота-онаси бағрида ўзи истиқомат қиладиган ҳудудга яқин инклюзив мактабда ўқийди. Биз туманлардан келиб ўқийдиган болаларнинг ота-оналарини бу ҳақда хабардор қилганмиз. Янги ўқув йилидан улар ўз ҳудудларидаги инклюзив мактабларга болаларини беради.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.